86 ёшли отахон Самарқандда биринчи бўлиб коронавирусга қарши эмланди
Самарқанд шаҳридаги 4-сон оилавий поликлиникада коронавирусга қарши эмлаш жараёнининг илк босқичи бошланди. Ҳозирча Самарқанд шаҳрида бошланган эмлаш кунлари 65 ёшдан юқори бўлган аҳоли қамраб олиниши режалаштирилган.
Эмланаётганлар аввал кўрик хонасига кириб, соғлиги тўлиқ назоратдан ўтказилди, кейин эмлаш хонасида коронавирусга қарши эмлаш амалга оширилиб, кейинги – кузатув хонасига олиб кирилди.
- Ўтган йили коронавирус хасталигига чалиндим, - дейди Боғбон маҳалласида истиқомат қилувчи 86 ёшли Толиб бобо Муродов. – Енгил ўтказдим, шунинг учун уйда даволандим. Поликлиника шифокорлари соғлигимни назорат қилиб туришди. Вирусга қарши вакцина олишга биринчилардан бўлиб келдим.
- Поликлиникамизда бир кунда 50 нафарга яқин аҳолини эмлаш учун шароитимиз бор, - дейди 4-сон оилавий поликлиника бош врачи ўринбосари Саодат Акрамова. – Ҳудудимизда 4 511 нафар 65 ёшдан юқори бўлган аҳоли рўйхатга олинган. Монелиги бўлмаган, яъни иситма қилмаётган, сурункали хасталиги хуруж қилмаган, аллергик реакция кузатилмаган фуқароларгина эмланиши мумкин. Кўрик хонасида ҳар бир фуқаро тўлиқ врач назоратидан ўтгачгина эмлаш хонасига олиб кирилади.
- Айни пайтда вилоятда битта марказий, 16 та ҳудудий туман (шаҳар) вакцина сақлаш омборхоналари, улардаги совуткичлар, электрогенераторлар, термосумкалар ва термоконтейнерлар шай ҳолатга келтирилди, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Суҳроб Зайниев. - Эмлаш ишларини амалга ошириш учун 411 та эмлаш пунктларига 180 та қўшимча хона ва 186 та ҳаракатдаги бригадалар ташкил этилди. Соғлиқни сақлашнинг бирламчи тиббий бўғини ходимлари, эмлаш жараёнида қатнашадиган 367 нафар врач ҳамда 724 нафар ўрта тиббиёт ходимлари махсус дастур бўйича ўқитилди.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, вилоятга COVAX дастури асосида Ҳиндистонда ишлаб чиқилган 69 минг дона «Ковишилд» вакцинаси келтирилди. Шунингдек, Хитойнинг Ayhui Zhifei Longcom компанияси ва ўзбек олимлари билан биргаликда ишлаб чиқарилган 65 200 дона янги рекомбинат ZF-UZ-VAK 2001 вакцинаси мавжуд.
Вилоятда биринчи босқичда эмланадиганлар 65 ёшдан 74 ёшгача бўлган жами қариялар 118 минг 856 нафар, кексалар, яъни 75 ёшдан 84 ёшгача бўлган аҳоли 38 минг 904 нафар, 85 ёшдан юқори, яъни узоқ умр кўрувчилар 10 минг 458 нафарни ташкил қилади.
Гулруҳ Мўминова.