9 сотих ердан 90 миллион сўм даромад
Каттақўрғон тумани Каттакўрпа маҳалласида яшовчи Дилшод Мирзаев 12 сотихли томорқасининг 9 сотихида иссиқхона ташкил қилган.
У бу ерда асосан помидор ва бодринг етиштиради. Айни пайтда пишиб етилган помидор терилиб, бозорга чиқариляпти. Айтишича, бу ердан йилига 10 тоннагача ҳосил олинади. Бир килограм помидор ўртача 9 минг сўмдан сотилса, 90 миллион сўм даромад қилиш мумкин экан.
- Бу йил февраль ойи иссиқ келиб, март ойида ҳавонинг кескин совиб кетиши иссиқхоналарда етиштирилаётган маҳсулотлар учун салбий таъсир кўрсатди, - дейди Дилшод Мирзаев. – Совуқ кунларда биз кеча-ю кундуз бир хил ҳароратни ушлаб туришга ҳаракат қилдик. Бунда иссиқхонамизга кўмир кукунини ёқишга мўлжалланган замонавий иситиш қозонхонани ўрнатганимиз қўл келди. Шунинг учун ҳам эндигина пишиб етилаётган помидорларни совуқдан сақлаб қолишга эришдик.