Абдуқодир Тошқулов: Магистратурага қабулда сохта сертификатлар юкланмоқда
Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов раҳбарлигида олий ва профессионал таълим муассасалари раҳбарлари, профессионал таълим бошқармалари бошлиқлари иштирокида 2022/2023-ўқув йили учун қабулни самарали ташкил этиш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Унда дастлаб вазир янги ўқув йилида касбий (ижодий) имтиҳонларни шаффоф ўтказиш бўйича 46 та олий таълим муассасасининг тайёргарлик ҳолатига эътибор қаратиб, ўтган ўқув йилидаги камчиликларни такрорламаслик учун ҳар бир олий таълим муассасаси раҳбари масъулият билан ёндашиши зарурлигини таъкидлади.
Бунда ажратилган бино ва аудиториялар сифатли видеоёзув жиҳозлари билан таъминлангани, жамоатчилик назоратининг кучайтирилгани, имтиҳон натижаларини ўз вақтида расмий манбалар орқали эълон қилинишига алоҳида тўхталинди. Шулар қаторидан имтиҳон жараёнларини кузатиш учун келган ота-оналар ва комиссия аъзоларига зарур шароит яратиш борасидаги ташкилий масалалар ҳам ўрин эгаллади.
Кун тартибидан ўрин олган навбатдаги масала магистратурага қабулни ташкил этиш бўлди. Бунда келиб тушган 4332 та аризанинг 1282 таси талаб даражасида эмаслиги, айрим ҳолларда сохта сертификатлар ҳам юкланаётгани айтилди. Магистратурага қабул тугашига оз муддат қолганига қарамай ҳамон аксарият ОТМ томонидан бакалавриат босқичи битирувчилари дипломларини ўз вақтида расмийлаштириш якунламагани танқид қилинди. Бу ўз навбатида, магистратурага кириш истагида бўлган абитуриентларнинг асосли норозиликларини келтириб чиқараётгани қайд этилди.
Масъулларга барча имкониятларни ишга солган ҳолда қисқа вақт ичида битирувчилар дипломларини расмийлаштиришни якунига етказиш ва қатъий назорат олиш юзасидан топшириқлар берилди.
Шундан сўнг иккинчи олий таълимга ҳужжатлар қабул қилишнинг бориши, тартиби билан боғлиқ маълумотларни расмий сайтларда эълон қилишдаги сусткашликлар ҳам танқид остига олинди.
Иккинчи олий таълимга қабулни амалга оширадиган барча ОТМ ректорларига юқорида қайд этилган маълумотларни аниқ ва батафсил эълон қилиш борасида кўрсатма берилди.