“Абу Даби тараққиёт фонди” Самарқандда сув таъминотини янада яхшилаш учун 150 миллион доллардан зиёд пул беради
ШҲТ саммитга тайёргарлик кўриш доирасида шундай амалиётга қўл урилмоқда. Шу мақсадда “ССС” (Абу Даби) ва “SUEZ” (Франция) консорциуми томонидан Самарқанд шаҳридаги ичимлик сув таъминоти ва оқова тизимлари ҳолати ўрганиб чиқилди.
- Бугунги кунда Самарқанд шаҳридаги ичимлик сув тармоқларининг аксарияти ўзининг даврий муддатини ўтаб бўлганлиги, гидравлик тизимнинг етарли даражада ишламаслиги ичимлик сувини мавжуд кўп қаватли уйларга бир меъёрда етказиб бериш имконини бермайди, - дейди вилоят «Сувоқова» давлат унитар корхонаси директори Комил Юсупов. – Шу боис кўҳна кентимизда коммуникация инфратузилмасини такомиллаштириш, яъни ичимлик сув таъминотини яхшилаш бўйича бир қатор таклифларни бердик.
Жумладан, “Чўпон ота” ва “Даҳбед” сув иншоотлари ҳамда “Мўлиён” сув насос станциясини реконструкция қилиш зарур. Бундан ташқари, 10 та 2-босқич ва 3-босқич насос станцияларини реконструкция қилиш, 250 километр узунликдаги реконструкция қилиш талаб этиладиган юқори босимли ва ўрта босимли сув қувурларини алмаштириш ва янгиларини қуриш керак бўлади.
Самарқанд шаҳрида сув босимини бир меъёрда ушлаш ҳамда узлуксиз ичимлик сув билан таъминлаш мақсадида барча сув иншоотлари, насос станциялари ҳамда тақсимлаш тугунларини тўлиқ замонавий-энерготежамкор насос ускуналари ҳамда жиҳозларга алмаштириш ва автоматлаштирилган бошқарув тизимни ташкил этиш лозим.
Шунингдек, шаҳарда ичимлик сувига бўлган талабнинг ортиб боришини ҳисобга олиб, электр энергияси сарфламасдан ичимлик сув олиб келиш мақсадида Тойлоқ тумани Равотхўжа маҳалласи ҳудудидан ўтувчи “Зарафшон” дарёсининг чап қирғоғида сув иншооти қуриш ҳамда мазкур сув иншоотидан Самарқанд шаҳрининг “Мўлиён” сув тақсимлаш иншоотигача тармоқ тортиш таклифлари берилган.
Ҳозирда “SUEZ” (Франция) компанияси мутахассислари томонидан лойиҳанинг биринчи босқичи бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда. Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳа қиймати 154,5 миллион АҚШ долларини ташкил қилади.
“Абу Даби тараққиёт фонди” маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳа натижасида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг юртимизда ўтадиган саммитига тайёргарлик кўриш доирасида қуриладиган бино ва иншоотлар, меҳмонхоналар ҳамда Самарқанд шаҳридаги кўп қаватли уйларга узлуксиз ичимлик суви етказиб бериш имкони яратилади.