Абу Мансур Мотуридий қабри қаерда?
Бундан 23 йил илгари биринчи Президентимиз ташаббуси билан Самарқанддаги “Чокардиза” қабристони ўрганилиб, бу заминда кўплаб улуғ аждодларимиз хоки ётганлиги аниқланганди. Улардан икки нафари, яъни Марғинонийга Марғилонда, Мотуридийга эса эски қабристон ўрнига қурилган уйлар бузилиб, шу ернинг ўзида ёдгорлик ўрнатилганди.
Кейинги тадқиқотлар ва топилган янги қўлёзмалар бу қабристон ҳақида янада аниқ маълумотлар борлигини кўрсатди. Хусусан, алломалар қабри жойлашган манзиллар ҳақида изоҳлар топилди.
Шу сабабли вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов бугун олимлар, тарихчилар, жамоатчилик вакиллари билан бирга Мотуридий ёдгорлигида машварат ўтказди. Унда профессорлар Мамаюнус Пардаев, Дилором Салоҳий, матншунос Комилхон Каттаев, вилоят бош имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов, музей ва кадастр хизмати ходимлари иштирок этди.
1947 йилда бузиб ташлаб, устида уй-жойлар қурилган "Чокардиза" қабристони тарихи билан боғлиқ манбалар асосида фикрлар айтилди, таклифлар ўртага ташланди.
- Биз тарихимизни ўрганишда давлатимиз раҳбари олдимизга қўйган талаблар асосида иш тутишимиз зарур, - деди вилоят ҳокими. - Ҳар бир тарихий манба етук мутахассислар томонидан пухта ўрганилиши, таклифлар жамоатчилик билан муҳокама этилиши ва сўнгра ягона хулосага келиш керак.
Э.Турдимовнинг таклифига кўра, "Чокардиза" қабристони тарихи, у ердаги қабрлар ўрнини аниқлаш мақсадида картографлар, археологлар, тарихчи олимлар, диний идора вакилларидан иборат ишчи гуруҳи тузиладиган бўлди.
Бундан ташқари, вилоят ҳокими Самарқанд давлат чет тиллар институтида араб тили бўлими очилганини ва унинг олимлари, талабалари қадимий қўлёзмаларни таржима қилишни бошлаганини қайд этди. Ана шу соҳа олимлари билан мулоқот ўтказиш, фидойи таржимонларни рағбатлантиришга келишиб олинди.