Адлиянинг ёрдами билан фуқаронинг нафақаси тикланди
Оқдарё туман адлия бўлими томонидан фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини мурожаатлар асосида ҳал қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, бўлим томонидан фуқаро Б.Ибрагимованинг маҳалла фуқаролар йиғини мансабдор шахслари томонидан 2 ёшгача бола парвариши нафақаси асоссиз равишда тўхтатиб қўйилганлиги ҳақидаги мурожаати тегишли мутахассислар жалб қилинган ҳолда ўрганиб чиқилди.
Аниқланишича, “Авазали” маҳалла фуқаролар йиғини нафақа тайинлаш комиссиясининг 2019 йил 30 августдаги йиғилиш баёнига асосан Б.Ибрагимовага 2019 йил сентябрь ойидан 2020 йил сентябрь ойига қадар 2 ёшгача бола парвариши нафақаси тайинланган. Ушбу ойларда жами 1 миллион 368 минг сўм нафақа ва компенсация пуллари тўланиб, 2019 йил декабрь ойидан нафақа пули ҳеч бир ҳужжатларсиз асоссиз равишда тўхтатилган.
Ушбу ҳолатда туман бандликка кўмаклашиш маркази меҳнат инспектори Ж.Шарипов томонидан нафақа пули тўланишининг белгиланган тартибига риоя этилишининг мониторинги олиб борилмаган.
Мурожаатни ўрганиш давомида, “Авазали” МФЙ раиси С.Ҳайитмуродов ва масъул котиби М.Омоновлар томонидан 2019 йил декабрь, 2020 йил январь ва февраль ойлари учун Б.Ибрагимовага асоссиз равишда тўланмаган 1 миллион 396 минг сўм нафақа ва компенсация пуллари ихтиёрий равишда унинг пластик картасига ўтказиб берилиб, 2020 йилнинг март ойидан нафақа пули тўланиши тикланди.
Ўрганишда аниқланган қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўймаслик, унинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият яратиб бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида “Авазали” МФЙ Кенгаши ва туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори номига тақдимномалар киритилди.
Маъруфжон РЎЗИЕВ,
Оқдарё туман адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси.