“Адолат”чилар кредит тўлолмаётганларга ёрдам беришни ва уларни банклар “ҳамла”сидан қутқаришни режалаштирмоқда

“Адолат” СДП депутатлари қонун ташаббускорлиги ҳуқуқларидан фойдаланиб, “Ипотека тўғрисида”ги қонуннинг 10-моддасига қўшимча киритиш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқди.
Айтайлик, Сиз банкдан уй сотиб олиш учун ипотека кредити олдингиз. Аммо касал бўлиб қолдингиз, ишдан бўшадингиз ёки фарзанд кўрганлигингиз учун таътилга чиқдингиз. Демак, сизда кредитни тўлаш қобилияти йўқолди. Бундай ҳолларда Ипотека таътиллари бериш таклифини “Адолат” партияси депутатлари олға суришмоқда.

Сизда табиий савол туғилиши мумкин, Ипотека таътили қанча муддатга берилиши мумкин?
Қонун лойиҳасига кўра, Ипотека таътиллари уч ойдан ортиқ бўлмаган муддатга, лекин ипотека даврида (кредитни сўндириб бориш даври) уч мартага қадар берилиши, бир йилда бир марта кечиктириш ҳуқуқи шартноманинг шартида кўрсатилиши белгиланяпти.

Реал ҳаётда кредит тўловини 3-4 кунга кечиктирсак, дарҳол банкдан устма-уст қўнғироқлар, аввал ўртача, кейин қўпол муомала, “ака (ёки опа) кредитни тўламасангиз, судга бериб, уйни тортиб оламиз” қабилидаги иддаолар эшитасиз. Табиийки, бундай вазиятда таниш-билишлардан қарз қилиб, банкка берасиз. Оқибатда уйда тинчлик бўлмайди ва ҳоказо. Эндиликда, (“Адолат” партияси киритган қонун лойиҳаси қўллаб-қувватланса) банкдан қўнғироқ бўлса, жавобингиз тайёр, ариза билан Ипотека таътили олишингизни маълум қиласиз, ҳеч кимдан қарз ҳам олмайсиз.

“Адолат” социал-демократик партияси Самарқанд вилояти кенгаши ахборот хизмати.