“Адолат” партиясидан сайланган депутатлар сайловолдидан берилган ваъдаларни қай тариқа амалга оширади?
Депутатлар бу саволга ўрин қолдирмаслик учун фаол иш олиб бормоқда.
Хусусан, халқ депутатлари Жомбой тумани Кенгаши депутати Камола Абдувоҳидова Қўлбости маҳалла фуқаролари йиғинидаги аҳоли билан учрашиб, одамларнинг яшаш шароитлари, уларни ўйлантираётган масалалар билан яқиндан танишди.
Хусусан, маҳалладаги 38-умумий ўрта таълим мактаби биносида иситиш тизими яхши ишламаслиги, ичимлик суви билан таъминланмагани, атрофдаги ички йўллар таъмирланмаганлиги сабабли, ёзда тупроқ, қишда эса лой бўлиб ўқувчлар учун ноқулайликлар туғдираётгани аҳоли томонидан таъкидланди.
Шунингдек, қишлоқдаги мавжуд трансформатор истеъмолчилар учун етарли эмаслиги, айни совуқ кунларда электр энергиясига эҳтиёж ошиши натижасида юкланишни кўтаролмаётгани, оқибатда электр жиҳозлари ишдан чиқаётгани алоҳида қайд этилди.
Бундан ташқари, қишлоқ аҳли фарзандлари учун мактабгача таълим муассасаси зарурлигини билдиришди.
Камола Абдувоҳидова депутатлик ваколатидан келиб чиқиб, мутасадди ташкилотлар эътиборини мазкур масалаларга қаратишини қайд этди. У шу куннинг ўзидаёқ туман электр тармоқлари корхонасига, туман халқ таълими бўлимига, туман мактабгача таълим бошқармасига ҳамда туман ҳокимнинг қурилиш масалалари бўйича ўринбосарига депутатлик сўровлари чиқариб, ижросини назоратга олди.
“Адолат” СДП Самарқанд вилояти Кенгаши матбуот хизмати.