“Адолат” СДПдан делегатлар сайланди
Самарқанд давлат чет тиллар институтида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси вилоят Кенгашининг IX конференцияси бўлиб ўтди.
Унда шаҳар ва туман делегатлари, партия фаоллари, депутатлар, бошланғич партия ташкилотлари раислари, аёллар қаноти ва ёш адолатчилар қаноти фаоллари иштирок этди.
Конференция давомида партиянинг “Адолат - ҳаётимизнинг бош мезони, адолат – ҳар бир инсон учун” сайловолди дастури ижросини таъминлаш, партия вилоят Кенгаши аъзолари таркибига ўзгартириш киритиш ва бошқа масалалар муҳокама этилди.
- Партиянинг 30 га яқин лойиҳалари доирасида амалга оширилган ишлар натижасида партиянинг халқ орасидаги танилувчанлиги ошиб бормоқда, - деди партия вилоят Кенгаши раиси М.Бобобекова. - Жумладан, ҳафтанинг ҳар чоршанба куни амалга ошириладиган “Муаммо билан юзма-юз”, ҳар сешанба куни “Сиёсий-ҳуқуқий билимларни мустаҳкамлаш - демократик жамият пойдевори” , шунингдек, “Бир ойда бир иш ўрни”, “Ватан келажаги ёшлар қўлида”, “Саховат - беназир қадрият” каби қатор лойиҳалар партиямиз фаолларининг саъй-ҳаракатлари билан ҳаётга татбиқ этилиб, юртдошларимизнинг ўз ҳаётидан рози бўлиб яшашида аҳамиятли бўлмоқда.
Конференция ишида сўз олганлар “Адолат” СДП ўтган 26 йил ичида республикамиздаги энг етук сиёсий кучлардан бирига айланганини таъкидлашди. Жамиятда адолат тантанаси учун курашаётган партия ташкилотлари, депутатлик гуруҳлари ҳамда аъзолари бундан буён ҳам “Адолат ҳар бир инсон учун”, “Куч – адолатда” каби ҳаётбахш ғоялар ижроси йўлида хизмат қилиши қайд этилди.
Тадбир давомида жорий йилнинг сентябрь ойида бўлиб ўтадиган партиянинг X Қурултойига 23 нафардан иборат бўлган делегатлар сайланди.