“Афросиёб” музейининг янги экспозицияси очилди
Самарқанд шаҳридаги “Афросиёб” музейи Ўзбекистон Маданий мерос агентлиги ва Корея Республикаси Маданий мерос администрацияси ҳамкорлигида реставрация қилинди. Шу муносабат билан музей янги экспозициясининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Маданий мерос агентлигининг биринчи ўринбосари, профессор Турсунали Қўзиев, Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси бош консули Кук Жанг Ҳюн, Корея Республикаси Маданий мерос администрацияси маданий меросдан фойдаланиш бошқармаси бошлиғи Чаэ Су Ҳе, вилоят ҳокимлиги масъуллари ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этди.
Тадбир аввалида Корея Республикаси Маданий мерос администрацияси ва Ўзбекистон Маданий мерос агентлиги ўртасида “Ипак йўли маданий меросини тадқиқ этиш ва сақлаш”га доир меморандум имзолангани, лойиҳа Ипак йўли маданий меросининг сақланиши ва тадқиқ этилиши бўйича маълумот ҳамда кўникма алмашинуви, шунингдек, археологик тадқиқотлар орқали туризмни ривожлантиришга йўналтирилгани таъкидланди.
- “Афросиёб” деворий суратлари бундан 1400 йил аввал дипломатик миссия билан Корея ярим оролидан Самарқандга келган элчиларни эслаш мақсадида чизилган, - дейди Кук Жанг Ҳюн. – Икки давлат раҳбарларининг 2019 йилдаги келишувига асосан 2020 йилдан буён икки марта Корея Республикаси ҳукумати томонидан “Афросиёб” музейини реставрация қилиш лойиҳаси ҳамда Самарқанддаги археологик қолдиқларни қазиш ва меросни асраш бўйича амалий ишлар қилинди. Хусусан, 1970 йил Самарқанднинг тимсоли бўлган 1990 йилда қурилган ушбу музейнинг кўргазма заллари 50 йил ичида биринчи реставрация қилиниши мамлакатларимиз бирлашганини кўрсатмоқда. Музейдаги экспонантлар нафақат мамлакатларимиз тарихий рамзи, балки инсониятнинг умумий маданий меросидир. Шу боис биз уларни асраб-авайлаш ва бошқариш учун ҳамкорликни давом эттирамиз.
- Музейда реставрация ва кўргазма ишлари охирги марта 1980-1990, қисман 2007 йилларда амалга оширилган ва кўргазма ускуналари маънавий жиҳатдан эскирганлиги сабабли ҳозирги кун талабларига жавоб бермасди, - дейди “Афросиёб” музейи директори Самариддин Мустафоқулов. – Кореянинг Маданий мерос жамғармаси томонидан ОДА (Official Development Assistance) дастури асосида 2022-2026 йилларга мўлжалланган “Самарқанд вилоятининг тарихий-маданий туризм салоҳиятини ошириш” лойиҳаси доирасида музейининг реставрация ишлари учун 290 минг АҚШ доллардан зиёд маблағ ажратилди. Ушбу маблағга музейнинг биринчи қавати экспозицияси замонавий технологиялар билан жиҳозланди, кўргазмалар зали, видеозал ва йўлаклар янгиланди. Иккинчи қаватнинг шифти ва томи ҳам қайта таъмирланди. Янги экспозицияни лойиҳалашда девор сиртининг умумий ранг таркиби масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Заллардаги экспонатларни тўғри ёритиш учун ранг комбинациялари залларнинг полларидаги мармар қопламлари билан ва деворларни асосий ранглари махсус ёруғлик мосламалари билан уйғунлаштирилди.
Тадбирда музейни янги кўринишга келтиришда ҳисса қўшган икки давлат соҳа маъулларига эсдалик совғалари топширилди ва музейдаги экспонатлар кўргазмаси томоша қилиниб, миллий рақс томошалари намойиш этилди.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.