Афсонавий муҳаббат соҳиблари ҳақида янги асар
Ўзбек адабиётида “Тоҳир ва Зуҳра” достони энг машҳур халқ оғзаки ижоди намуналаридан бири. У бир неча асрлардан буён авлоддан-авлодга, тилдан-тилга ўтиб келди. Достон воқеалари IV аср охири ва V аср бошларида кўҳна кент – Самарқанд ҳудудида содир бўлган.
“Тоҳир ва Зуҳра” сайёр сюжетли асар бўлиб, у Ўрта Осиё, Туркия, Ҳиндистон, Покистон, Озарбайжон ва Волгабўйи халқлари орасида ҳам маълум ва машҳур. Ушбу достон воқеалари асосида шу пайтгача ўз даврининг забардаст ижодкорлари томонидан бир нечта қаҳрамонлик достонлари яратилган.
Достонни биринчи бўлиб, XVII-XVIII асрларда яшаган ўзбек шоири Сайид Муҳаммад Сайёдий қайта ишлаб, уни шеърий асар ҳолатига келтирган. Албатта, бу каби буюк достонни назмда ифода этиш ижодкордан катта маҳорат ва меҳнат талаб қилади. Истеъдодли ижодкор Муқаддасбону Аҳмаджонова “Тоҳир ва Зуҳра” асарининг янгича талқинини яратишдек улкан ишга қўл урди.
М.Аҳмаджонова асарни қайта ишлашдан аввал катта тайёргарлик ва ижодий-илмий изланишлар олиб борди. Хусусан, Оқдарё тумани Қоработир қишлоғидаги “Тоҳир ва Зуҳра” зиёратгоҳида бўлди. Асарнинг аввалги намуналарини чуқур ўрганди, ушбу асар ҳақида берилган кўрсатувлар, илмий изланишлар, мақолалар билан танишди. Ниҳоят, меҳнати самараси ўлароқ замонавий ўзбек адабиётида афсонавий муҳаббат соҳиблари ҳақида яна бир асар дунёга келди.
Халқ оғзаки ижодининг бу нодир намунаси мукаммал назмий достон сифатида ўзидан олдинги шу номдаги достонлардан фарқли ўлароқ бадиий тўқималар, воқеалар бизнинг замонамиз руҳидан узоқлашиб кетмаган. Ўқувчи бир-икки аср аввал юз берган ҳодисаларни тасаввурида жонлантиради. Муаллиф достонда қофия ва вазндан кенг фойдаланади, Аллоҳга ҳамд, пайғамбарга наът бағишлашда ҳам анъаналарга амал қилади, воқеанависликда эса кучли мантиқийликка асосланади.
Ушбу китоб Чўлпон номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйида чоп этилган.
Сулаймон Мардиев.