Академик Бакриддин Зарипов: “Билимсизлар жиноятчилардан кўра хавфли”

“Билимсизлик инсоният учун энг қоронғи тундир”. Ушбу ҳикмат муаллифи буюк Шарқ файласуфи Конфуций бу борада минг карра ҳақ эди. Негаки, илм инсониятни юксакликка кўтарса, билимсизлик уни фақат тубанлик, жарлик сари етаклайди. Бунга инсоният тамаддунида мисоллар жуда кўп.

Мустақилликка эришганимиздан кейинги даврда давлат сиёсати янгиланди, давлатчилик қурилди, лекин бу даврда муваффақиятлар билан бирга, кечириб бўлмас хатолар ҳам бўлди. Хатолардан энг каттаси илмга, билимга эътибор берилмагани. Мактаблар, олий ўқув юртлар аянчли аҳволга келиб қолди, эркак ўқитувчилар мактабдан, олий ўқув юртларидан қочиб кетди.

2008 йилда 60 га кирган барча академик, профессорларни нафақага чиқарилиши ҳақида топшириқ бўлди. Менимча, мана шу энг катта хатолардан бири эди. Ўша вақтда фанда энди куч-қувватга етган вақтим эди. Бир лаҳзада бор-будимдан айрилгандай бўлдим. Бу нафақат мен, балки бутун Ўзбекистондаги академик, профессор, зиёлилар учун оғир кечди.

Ана шундай тушкунликни бошдан ўтказаётган вақтимда чет давлатларнинг нуфузли университетларидан дарс бериш таклифлари тушгач, бор тажрибам узоқ йиллар бошқа мамлакат университетларига сарф бўлди.

АҚШ, Италия, Россия ва бошқа давлатларнинг олий ўқув юртларида соҳам бўйича дарс бердим. Ўзбек академик профессорларининг айримлари мен каби чет элга чиқиб, университетларда ишлади. Уят бўлса ҳам айтаман: кўплаб зиёлилар ўшанда “ипподром”га чиқиб, савдо қилди. Нима қиларини билмай, киракашлик қилганларни ҳам кўрдик. Ёшларга илм бериш, кадр тайёрлаш ўрнига “ипподром”да ўтириб, “таксичилик” қилиб юриш тўғримиди? Илмга, билимга эътибор берилмаган давлатда, олий ўқув юртлари, мактаблар, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалар ташлаб қўйилган мамлакатда қандай ривожланиш бўлиши мумкин?

Мана, энди улар қайта тикланяпти. Фанлар академиясининг жуда кўп илмий текшириш институтлари ёпилиб кетганди. Бугунги сиёсат натижасида илмий текшириш институтларининг деярли ҳаммаси қайта очиляпти. Илм-фанга, таълимга, хусусан, аёллар таълимига, тадбиркорликка эътибор қаратиляпти.

2016 йил сўнггида Президентимиз ЎзФА академикларини йиғиб суҳбат қурди. Бундай воқеа тарихда бўлган эмас. Академик ва профессорларга катта имконият, шароитлар яратиляпти. Сўнгги йилларда юртимизда халқаро университетларнинг филиаллари очилди. Авваллари бунга имкон йўқ эди. Мен ва айрим ҳамкасбларим ўтган даврда Ўзбекистонда чет эл университетларидан бирининг филиалини очгандик, лекин минг афсус, у ҳам ёпиб юборилганди. Бу жуда аччиқ хотира...

Биргина мисол, яқинда Шароф Рашидов номидаги СамДУда Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича илмий текшириш институти ҳам очилди. 2017 йилдан буён ҳукуматимиз қарори билан Самарқанд давлат университетида озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича илмий халқаро конференция ўтказяпиз. Юртимизда охирги вақтларда кўплаб озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича қарор ва фармонлар чиқди. Соҳа мутахассиси сифатида шуни айтаманки, бу ишлар, энг аввало, Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятининг ўсишига, жаҳон бозорларида мавқеининг ошишига хизмат қилади. Буларнинг барчасини менинг АҚШдаги ҳамкасбларим олқишлаяпти ва катта қизиқиш билдирмоқда.

Тан олиш керак, сўнги 25 йилда ҳатто ўз исм-фамилиясини тўғри ёза олмайдиган, чаласавод авлод вакиллари ҳам етишиб чиқди. Гуруч курмаксиз бўлмайди, афсус, илм-фанда ҳам кимнингдир қўллаб-қувватлови ёки бошқа бир омиллар билан илмий даражалар олган, мияси бўм-бўш одамлар бор. Уларнинг қўлидан ҳеч вақо келмагач, кўчирмакашлик ва бошқа қинғир йўллар билан ҳам мақсадига етишга ҳаракат қилади, аммо замон ўзгаряпти. Бундайларнинг даври кўп ўтмай тугайди. Янгиланаётган жамиятимиз энди уларни сиқиб чиқаради барибир.

АҚШнинг Гарвард университетида бўлганимда университет кутубхонасидаги бир шиор менинг эътиборимни тортди: «Билим олиш азоби вақтинча, билимсизлик азоби умрбод». Гарвард шу шиорга сўзсиз амал қилади. У ерда «илтимос» ёки «кимнингдир фалончиси» каби тушунча йўқ. Имтиҳондан ўта олмаган одам хафа ҳам бўлмайди, ўзини ўққа-чўққа уриб югурмайди. Индамай кутубхонага кириб, китобини ўқиб ўтиради ва пулини тўлаб келаси йил яна имтиҳон топширади. Ҳатто 5 йилдан буён имтиҳондан йиқилаётганлар бор экан. Университетнинг жами 80 та катта-кичик кутубхоналари мавжуд. Битта университетда 80 та кутубхона-я!

Яна бир қизиқ маълумот: АҚШнинг 46 нафар Президентидан 12 нафари Гарвард университетининг битирувчиси. Дунё миллиардерлари маблағининг тенг ярми Гарвард университетининг ўқувчилариники. Масалан, Билл Гейтс, Марк Цукерберг, Дэвид Рокфеллер ва ҳакозо... Гарварддан жами 79 нафар Нобель мукофотининг лауреатлари етишиб чиққан.

Айтмоқчи бўлганим, илм-фанга эътибор кучли бўлган мамлакатгина бой, қудратли бўла олади. Ўзбекистон ҳам бугун шу йўлга қадам қўйди. Ваҳоланки, билимсизлар жиноятчилардан кўра хавфли.

Бакриддин Зарипов,

академик.

***

Бугун, 10 ноябрь академик Бакриддин Зарипов таваллуд топган кун.

Олим 1948 йилда Қўшработ туманида туғилди. 1965 йили Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтига ўқишга кириб, 1970 йилда имтиёзли диплом билан тугатди.      

Дастлаб Ўзбекистон Фанлари академиясининг Физиология институтида фаолиятини бошлади. 1975 йилда номзодлик, 1985 йилда докторлик диссертациясини ёқлади. 1975-1985 йилларда Санкт Петербург шаҳридаги И.Павлов номидаги Физология институтида стажёр, докторантурани ўтади.

1990 йилда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги фанлар академиясининг мухбир аъзоси этиб сайланди. 1985 йилда Жаҳон физологиялар жамиятининг академиги (Стокгольм, Швеция), 2003 йили Рим (Италия) университетининг фахрий профессори, 2004 йили Россия Фанлар академиясининг И.Павлов номидаги олтин медалига сазовор бўлди. 2011 йили Жанубий Россия университетининг фахрий профессори унвонини олди. 2014 йилда Нью-Йорк Фанлар академиясининг академиги (АҚШ) унвонларига сазовор бўлди.

Истеъдодли олим ўзининг илмий педагогик фаолияти давомида Фанлар академияси физиология институтида илмий ходим, Ўзбекистон Миллий университети ва Тошкент давлат аграр университетларида  кафедра мудири, декан, ўқув ишлари бўйича биринчи проректор, Президент аппарати ташкилий кадрлар хизмати давлат маслаҳатчисининг ўринбосари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари лавозимларида меҳнат қилди.

Унинг биология, қишлоқ хўжалиги фани соҳасининг назарий ва амалий масалаларига бағишланган 400 дан ортиқ монография, мақола, рисола, ўқув услубий қўлланмалари ва ихтиролари бор.

Ҳозирда Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети биология факультетида фаолият юритяпти.

Биз Бакриддин Зариповнинг таваллуд куни билан қутлаб, олимга илмий ва ижодий зафарлар тилаймиз.