Алимент тўламаган онага “беш сутка берилди”
Бухоро вилояти Ромитан туманида яшовчи Г.Т. уч нафар фарзандига алимент тўламаганлиги учун жазога тортилди, деб хабар бермоқда вилоят ИИБ матбуот хизмати.
Қайд этилишича, МИБ вилоят бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими хабарига кўра, бюронинг Ромитан туман бўлими иш юритувида фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро судининг 2010 йил 1 июлдаги ижро ҳужжатига асосан қарздор Гулчирой Тошева (исм ва фамилиялар шартли равишда ўзгартирилди)дан Қодир Матёқубов фойдасига уч нафар фарзанди таъминоти учун 1/2 қисм миқдорида алимент ундириш тўғрисида ижро ҳужжати мавжуд эди.
Мажбурий ижро ҳаракатлари давомида қарздор она бир неча бор огоҳлантирилган. Аммо Г.Тошева алимент пулларини тўлашдан қочиб юрган.
Қонун билан бекинмачоқ ўйнаган Г.Тошеванинг алиментдан бўлган қарздорлиги 82.487.000 сўмни ташкил этади.
Қонун олдидаги жавобгарликни унутган Г.Тошевага Ромитан туман маъмурий суди томонидан МЖтКнинг 474-моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир қилган деб топилиб, суд томонидан 5 (беш) сутка қамоқ жазоси тайинланди.