Алиментдан қарздор пастдарғомлик фуқаро салкам 83 миллион сўм тўлади

Фуқаролик ишлари бўйича Паст Дарғом тумани судининг қарори билан фуқаро Эркин Расуловдан ундирувчи Гулмира Қувватованинг уч нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириб бериш белгиланган.

Бу ҳолат бўйича Мажбурий ижро бюроси Паст Дарғом тумани бўлими томонидан ижро иши юритилган. Шу вақтга қадар фуқаро Э.Расулов алимент тўловларини тўламасдан келаётган эди.

Пандемия шароитида муқим даромади бўлмаган, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш нақадар муҳим эканлигини инобатга олган ҳолда бюронинг туман бўлими ходимлари томонидан тушунтириш ва профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шу жумладан, қарздор Э.Расулов билан ҳам тегишли суҳбат ва тушунтириш ишлари ўтказилиб, бугунги синов кунларида фарзандларини моддий қўллаб-қувватлаш ҳар бир отанинг бурчи экани ётиғи билан тушунтирилди.

Бунда тўғри хулоса чиқарган қарздор ота фарзандлари таъминоти учун 82 миллион 774 минг сўм пулни тўлаб берди.

Мажбурий ижро бюроси Паст Дарғом тумани бўлими.