Ализода хотираси ёдга олинди

Саид Ризо Ализода фидойи жадидлар қаторида миллий матбуотимиз тамал тошини қўйганлардан бири, маърифатпарвар, шоир, таржимон. У ўтган асрнинг 30-йилларида қатағон сиёсатининг қурбони бўлган ва Владимир турмасида умрининг охирги лаҳзасигача ёзишдан, илм олишдан тўхтамаган.

Ализода миллат озодлигини, эркин кунларни истаб яшаган, курашган. Шу боис номи оқланган, миллат фидойиси. Невараси Фарҳод Ализоданинг жонкуярлиги туфайли Саид Ризо Ализоданинг асарлари топилди, уй-музейи ташкил этилди ва унинг ҳоки Самарқанд шаҳрига келтирилди.

Бугун - 2 ноябрь куни Самарқанд шаҳридаги «Панжоб» қабристонида Самарқанд вилояти жамоатчилиги, олимлар, ёзувчи ва тадқиқотчилар Саид Ризо Ализоданинг рамзий қабрига унинг бюстини ўрнатилиши муносабати билан ташкил этилган хотира тадбирида иштирок этди.

Самарқанд вилояти ҳокимининг ёрдамчиси Н.Ибрагимов, ёзувчи ва публицистлар С.Умиров ва Н.Раҳмат, Саид Ризо Ализода невараси Ф.Ализода, тадқиқотчи З.Ҳасанова тўпланганларга Ализода ибрати хусусида гапирдилар.

– Ватанимиз озодлиги йўлида жонини фидо қилганлар хотирасини абадийлаштириш, уларнинг халқ ва Ватан келажаги йўлидаги жасорати ҳақида ёш авлодга таъсирчан маълумотлар етказиш энг муҳим вазифа саналади, – дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи Сайди Умиров. – Бу борада  Саид Ризо Ализодадек маърифатпарвар, халқпарварларнинг эл-юрт озодлиги, халқни маърифатли қилиш борасидаги заҳматли меҳнати ёшларга ибрат. Ализода ижоди ва унинг асарлари ҳақида китоблар чоп этилса, маърифатпарвар қолдирган адабий меросни ёшларга ўргатишда қўл келар эди.

Адҳам ҲАЙИТОВ.