Америкалик эркак COVID-19 нинг турли асоратлари билан икки марта касалланди
Америкалик Жордан Жози COVID-19 нинг турли асоратлари билан икки марта касалланди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
29 ёшли эркак биринчи марта шу йил баҳорнинг бошида касалланган. Ўшанда унинг тана ҳарорати кўтарилган, нафаси қисилган ва танасида оғриқлар пайдо бўлган. Касалланганидан сўнг, икки ой ўтиб унинг қонида анти таначалар аниқланган. Жозининг ўзи олдинги турмуш тарзига қайтган ва спорт билан шуғулланишини давом эттирган.
Бироқ июнь ойида унинг иштаҳаси йўқолган ва кучли чарчашни ҳис қилган. Бунинг оқибатида у кўчага ҳам чиқа олмай қолган, ҳатто телефон орқали гаплашишга ҳам ҳоли бўлмаган. Шундан сўнг, Жози яна коронавирусга тест топширган ва унда иккинчи марта COVID-19 инфекцияси қайд этилган.
Миннесота университети тиббиёт факультети юқумли касалликлар ва халқаро тиббиёт кафедраси тиббиёт фанлари профессори, доктор Сьюзан Клайннинг сўзларига кўра, бундай ҳолатлар такрорий юқиш мисоллари бўлиши мумкин. Буни аниқлаш учун шифокорлар вирус намуналарининг генетик кетма-кетлиги таҳлилини амалга оширишлари зарур.