Амир Темур аркининг бош дарвозасини, унга туташ бўлган мудофаа деворларини қайта тиклаш лозим
Яқинда қадрдон газетамиз саҳифаларида шогирдим Отабек Бобоқандов ҳаммуаллифлигида Самарқанд шаҳрининг яқин келажакдаги ривожига қаратилган таклифларимизни ёритган эдик. Битта мақола ҳажмида ҳамма фикрларни айтиб бўлмаслиги сабабли шаҳримизнинг кечаси, бугуни ва келажаги ҳақидаги ўй-фикрларим, меъморий таассуротларимни давом эттириш ва ўртоқлашишга қарор қилдим.
Бугун нафақат Самарқанд шаҳри, балки бутун Республикамиз вилоят ва туманлари, шаҳар ва қишлоқлари қурилиш майдонига айланган. Қурилишлар тугамайди, ансинча, кундан-кунга ривожланиб, янги ижтимоий аҳамият ва мазмун касб этмоқда. Илгари шаҳарлардаги қурилишларни фақат давлат қурарди, ҳозир эса хусусий тадбиркорлар, ишбилармонлар ҳам қурмоқда. Собиқ иттифоқ даврида Самарқанд шаҳрида фақат битта ёки 2 та банк (халқ банки ва марказий банк) бўлган бўлса, энди ўнлаб банклар бунёд этилган ва эттирилмоқда.
Собиқ иттифоқ даврида Самарқандда 4 та ёки 5 та саноат корхонаси ишларди. Ҳозир эса уларнинг сони 10 тадан зиёд. Шўролар даврида Самарқандда 2 та 3 та бозор бўлган бўлса, энди уларнинг сони 15 дан зиёд. Шўролар даврида Самарқандда бор йўғи 2 та парк бўлган бўлса, ҳозирда шаҳардаги боғ-парклар ва хиёбонларнинг сони 10 га яқин.
Аввал ҳозиргидек лицей ва университетлар бормиди? Замонавий спорт иншоотлари, олимпия захиралари, сузиш ҳавзалари, гимнастика залларичи? Спортчиларимиз жаҳон ареналарига чиқа олармиди? Чиқса ҳам 1 та ёки 2 та эди. Бугун ёшларимиз спортчига айланган, улар ўз зафарлари билан жаҳонни эгалламоқда.
Бундай таққослашни давом эттириш мумкин. Бугун архитектуранинг турли йўналишлари ҳақида алоҳида гапириш мумкин. Қаранг, турар жой бинолари меъморчилиги, жамоат бинолари меъморчилиги, саноат ва ишлаб чиқариш бинолари меъморчилиги, йўл қурилиши ва муҳандислик иншоотлари архитектураси, ландшафт архитектураси ва дизайни, шаҳар майдонлари ва кўчалари дизайни, қишлоқ қурилиши архитектураси ва ҳоказо.
Меъморчилигимизнинг қайси соҳасини олманг, улардаги ўзига хос меъморий ечимлар, бинолар туркумини кўрамиз. Яъни, бинолар алоҳида-алоҳида тарзда эмас, балки меъморий ансамбллар ва комплекслар тарзида қурилиши, иморатлардан тузилган гулчамбарлар ва ансамбллар занжирини кўрамиз, кўзимиз, дилимиз яйрайди.
Самарқандда қурилаётган ҳар бир бино (бу албатта, бошқа шаҳарларга ҳам хос) ўз курсисига, ўз остонасига, ўз вужуди ва бадиий тугаллик қисмларига эга. Бу қисмларнинг ўзаро мутаносиблиги биноларнинг визуал архитектуравий яхлитлигини ташкил этмоқда.
Самарқанд ўта фуқаровий шаҳар. Шаҳарнинг ҳар бир гўшаси, шаҳар кўчалари, майдонлари, бино ва иншоотлар кўлами инсон қоматига, унинг масштабига, фикри-зикрига мос ва уйғун. Шаҳарда пиёда юрган инсон атроф-муҳит мужассамлиги, экологияси, тозалиги, шаҳар ландшафти ва орасталиги билан ҳузур қилади, ҳаловат олади, ўзи ҳам маданий тарбияланади. Чунки юксак меъморий маданият ва дид, сифатли шакллантирилган ландшафт дизайни элементлари, айниқса, гулзорлар, фавворалар, мўъжаз ободонлаштириш элементлари, тунгги чироқлар, чиройли тўшамалар инсонни тарбиялайди, унга завқ бағишлайди.
Собиқ иттифоқ даврида ҳамма биноларни бир хил типовой лойиҳалар асосида қуриш одатга, тўғрироғи сиёсатга айланганди. Ҳар йили янги йил оқшомида кўрсатиладиган “Қушдай енгил бўлинг” номли кинофильмни эсланг. Унда ўша давр архитектурасидаги бир хиллик яққол акс эттирилган. Уйнинг архитектураси ҳам, қулф-калити ҳам, мебеллари ҳам бир хил.
Аммо бугун Президентимиз қурилаётган ҳар бир бино бошқасига ўхшамасин, бошқасининг архитектурасини ўзида такрорламасин. Айни пайтда, уларнинг фойдаланишга қулай бўлиши, маҳаллий қурилиш ва иқлим шароитлари, миллий меъморий анъаналар ва қадриятларимизнинг эътиборга олинишини талаб қилмоқда.
Тан олиш керак, Самарқанднинг тарихий қисми ҳудудида собиқ иттифоқ даврида қурилган айрим бинолар ҳозирги давр архитектурасининг бадиий талабларига ярашмай қолган. Бу Даҳбет кўчасининг “Афросиёб” меҳмонхонаси ёнидаги чорраҳадан бошланадиган қисмида, ўнг томонидан кўприккача кетма-кет жойлашган 2 ва 3 қаватли эски ётоқхоналардир. Булар тарихий шаҳарнинг замонавий шаҳар билан боғланиш чегарасида жойлашган иморатларки, уларни “Афросиёб” меҳмонхонасида жойлашган ҳар қандай туристнинг кўрмасдан иложи йўқ. Даҳбет кўчасининг қуйи қисми, яъни кўприкдан собиқ банк коллежигача қисми озми-кўпми тартибга туширилди, аммо кўрсатилган қисми, яъни сайёҳлар кўзига ташланадиган қисми ночор аҳволда, тўғрироғи, Самарқанд шаҳри архитектураси учун қусурдир. Биз бу иморатларни бузиб юбориш тарафдори эмасмиз. Бироқ уларнинг ҳеч бўлмаганда фасад, яъни тарзини замонавий кўринишга, анъанавийлик ва замонавийлик архитектурасининг синтези усулида ишласа бўлади.
Биз омади чопган инсонлармиз. Нима учун? Чунки биринчидан, Ўзбекистон деган диёрда туғилганмиз. Иккинчидан, бугуннинг ўзида эртанги кунимиз, келажагимиз равнақини кўра оламиз.
Кўп учратамизки, айрим журналистлар Самарқандга келган хорижий сайёҳлардан шаҳримиз ҳақидаги таассуротлари бўйича интервью олишади ва уларнинг гапларидан завқланади. Ўзини ҳурмат қилган ҳар қандай хорижий сайёҳ шаҳримиз ҳақида фақат яхши гапларни айтади, ёмонларини ичида сақлайди. Шундай экан, биз қачонгача ўзимизни ўзимиз алдаб юрамиз. Қаер яхши ва ёмонлигини билиб туриб, ўзгалардан сўрашга не ҳожат?
Яна бир фикр. Ўша Даҳбет кўчасининг чап томонида Амир Темур даврида унинг арк-қалъаси жойлашган бўлган. Ҳозирда у йўқ, унинг ўрни қолган холос. Ўтган асрнинг 70-80 йилларида археологлар ушбу жойдан ўша арк-қалъанинг мудофаа деворлари, буржлари ва ҳаммом биносининг қолдиқларини топган. Ушбу жойлар ҳозирда бўш турибди, қурилмаган. Шундан фойдаланиб, ўша мудофаа деворларининг қолдиқлари ўрнига Амир Темур аркининг бош дарвозасини, яъни (уни Регистон билан боғловчи асосий дарвозаси) унга туташ бўлган ўша мудофаа деворлари билан қўшиб қайта тикласак, биз тарихий шаҳарлардаги жаҳон меъморчилик маданиятининг энг яхши анъаналарига мос тарзда иш қилган бўламиз. Иккинчидан, Самарқанд шаҳрининг қадимийлигини, унинг шоҳона арки бўлганлигини жаҳон сайёҳларига кўз-кўз қилган бўлардик. Жаҳоннинг энг илғор архитекторларининг ҳам фикри худди ана шундай бўлганлигини биз Самарқандда 1980 йилда Улуғбек маданий марказини яратиш бўйича ўтказилган ҳалқаро миқёсдаги кўрик-танлов таклифларида ҳам кўрган эдик.
Аввалги ароқ заводи ҳудудидаги Даҳбет кўчаси бошланадиган чорраҳа доим тирбанд. Нафақат автомашиналар, балки пиёдалар юриши учун ҳам ҳавфли. Шундай экан, ушбу чорраҳада кўприк ташкил этиш мақсадга мувофиқ. Устки йўналиш Университет хиёбонини Регистон билан осон ва қулай боғласа, пастки йўналиш Даҳбет кўчасини тўғрига, тўсиқсиз давом эттириш имкониятига эга бўлинади. Бундай лойиҳа Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтида ишлаб чиқилган. Худди шунга ўхшаш кўприкни Амир Темур кўчасининг Гагарин кўчаси билан кесишган чорраҳаси учун ҳам таклиф этган бўлардим. Таклиф этилаётган ҳар иккала кўприкнинг жойи ҳам уларни қуриш учун қулай рельеф шароитига эга, яъни давлат учун анча арзон, шаҳар аҳолиси ва туристлар учун анча қулай бўлади.
Юқорида мен ароқ заводи ҳудудини бекорга эсламадим. Ҳозирда бу ер очиқ майдон, яшил хиёбон. Ушбу ҳудудда кўп йиллардан бери шаҳримизга етишмай келаётган “Самарқанд ҳунармандлар маркази” биносини қуришни таклиф этаман. Бироқ бу бинонинг архитектуравий ва ландшафт ечими, композицияси шундай бўлиши керакки, у эски шаҳар муҳити билан янги шаҳарни боғловчи, масштаби ва ташқи тарзи билан атроф-муҳит архитектураси ва ландшафтига, айниқса, Амир Темур мақбараси ва Руҳобод обидалари ҳамда “Афросиёб” меҳмонхонаси меъморий ва ландшафт ечимларига ҳамоҳанг ва уйғун масштабларда бўлмоғи зарур. Ана шундай лойиҳа-таклифни биз СамДАҚИда ишлаб чиққанмиз.
Бундай бино ушбу ҳудудга тўғри келмайди, деган фикрлар ҳам тўғилиши мумкин. Бироқ биз янги бинонинг шундай ечимини топганмизки, уни кўриб, бу фикрдан қайтиш мумкин бўлади. Негаки, бинонинг баландлиги Амир Темур мақбараси ва Руҳобод обидаларига соя солмайдиган, архитектураси эса уларга мос тарзда ишланган.
Ахтам УРАЛОВ,
меъморчилик фанлари доктори, СамДАҚИ профессори.