Амир Темур даврида ҳам коррупциянинг олдини олиш мақсадида тафтиш ўтказиб турилган
Коррупциянинг тарихи узоқ даврларга бориб тақалади. Буни қадимги юнон файласуфи Аристотелнинг “Ҳар қандай давлат тузумида энг муҳими – бу қонунлар ва тартиб-қоидалар воситасида ишни шундай ташкил этишки, мансабдор шахслар қинғир йўл билан бойлик орттира олмасин”, деган фикридан ёки пора олиш ва бериш қадимги Римда амал қилган 12 жадвал қонунларида ҳам тилга олинганлигидан кўриш мумкин.
Ўрта асрларда Ўзбекистон ҳудудида жойлашган давлатларда қабул қилинган одат ҳуқуқи меъёрлари замирида ислом маданияти принциплари ётувчи қонунчилик анъаналари ўрин олган. Хусусан, Амир Темур давлатида амалдорларнинг ишини тартибга солиш мақсадида вақти-вақти билан сўроқ, текшириш, тафтиш, тергов ўтказиб турилган. Ўз амалини суиистеъмол қилиш, порахўрлик, доимий равишда ичкилик ичиш, маиший бузуқлик каби қилмишлар оғир гуноҳ ҳисобланган ва қаттиқ жазоланган...
Кўринадики, барча давлатлар ривожланишига, иқтисодий, сиёсий, маънавий юксалишига тўсқинлик қилиб келаётган салбий иллатлардан бири коррупциядир. У келтириб чиқараётган оқибатлар жамиятларни ич-ичидан емириб, демократик ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказади, инсон ҳуқуқларининг қўпол равишда бузилишига олиб келади, иқтисодий ривожланишни издан чиқариб, жамият ва давлат учун ўта хавфли бўлган уюшган жиноятчиликнинг кенг ёйилишига шароит яратади.
Хўш, коррупция ўзи нима? Нега бугун жаҳон ҳамжамияти ушбу иллатга қарши курашмоқда?
Этимологик жиҳатдан “коррупция” атамаси “бузиш, пора эвазига оғдириш”, деган маъноларни англатадиган лотинча “corruptio” сўзидан келиб чиққан. “Юридик атамалар қомусий луғати”да коррупция тушунчасига “давлат функцияларини бажариш ваколатига эга бўлган (ёки уларга тенглаштирилган) шахсларнинг ноқонуний тарзда моддий ва бошқа бойликлар, имтиёзларни олишда ўз мақоми ва у билан боғлиқ имкониятлардан фойдаланиши, шунингдек, бойлик ва имтиёзларни жисмоний ёки юридик шахслар қонунга хилоф равишда эгаллашига имкон бериши”, деб таърифланган.
Коррупциянинг авж олиши билан жамият тараққиётининг кейинги босқичларида унга қарши кураш ҳам кучайиб борди ва халқаро тус олди. Шунинг учун ҳам БМТнинг 11 та, Европа Кенгаши ва Европа Иттифоқининг 8 та, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг 6 та ва бошқа халқаро ташкилотларнинг 10 дан зиёд коррупцияга қарши кураш борасидаги ҳужжатлари қабул қилинган.
Коррупцияга қарши кураш борасидаги энг асосий халқаро ҳужжат - бу БМТнинг коррупцияга қарши Конвенцияси ҳисобланади. У 2003 йил 31 октябрда Австриянинг Вена шаҳрида қабул қилинган. Ушбу ҳалқаро ҳужжат Преамбула, 7 боб, 69 моддадан ташкил топган. Мазкур ҳужжатни Ўзбекистон Республикаси ратификация қилган ва 2008 йил 7 июлда “БМТнинг коррупцияга қарши Конвенциясига Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинган.
Бундан ташқари, 2017 йил 3 январда Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинган бўлиб, 6 боб, 34 моддадан иборат. Мазкур Қонуннинг мақсади коррупцияга қарши кураш соҳасидаги муносабатларни тартибга солади.
Қонунда коррупция, унга оид ҳуқуқбузарлик ва манфаатлар тўқнашувига алоҳида изоҳ берилган. Жумладан, коррупция – шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишидир.
Бу иллат ҳар қандай жамиятнинг сиёсий ва иқтисодий ривожланишига зарар етказади. Жамиятнинг маънавий ахлоқини емиради, қонун устуворлигини кучсизлантиради, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг жиддий тарзда бузилишига олиб келади. Шу билан бирга, уюшган жиноятчилик, терроризм ва инсоният хавфсизлигига қарши қаратилган бошқа таҳдидларнинг ўсишига ёрдам беради.
Бу соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг узвий давоми сифатида Президентимизнинг 2019 йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора–тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Ушбу фармондан кўзланган асосий мақсад юртимизда коррупцияга қарши курашиш тизими самарадорлигини янада ошириш, энг юқори даражадаги қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини яратиш, мамлакатнинг халқаро майдондаги ижобий имижини ошириш ва мустаҳкамлашга қаратилган. Афсуски, бу борада етарлича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинишига қарамасдан, жамиятимизда коррупция иллати ўзининг турли кўринишлари билан тараққиётимизга ғов бўлмоқда.
Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳам коррупция жамият ривожига ғов бўлаётган энг катта иллат эканлиги таъкидланди: “Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, энг яхши мутахассислар жалб қилинмас экан, жамиятимизнинг барча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаймиз. Биз коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан унинг барвақт олдини олишга ўтишимиз керак”.
Ана шу мурожаатдан кейин юртимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш, давлат органлари, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа нодавлат сектор вакилларининг биргаликдаги самарали фаолиятини таъминлаш, шунингдек, мазкур соҳадаги халқаро ҳамкорлик учун масъул бўлган Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил қилинди.
Ҳамидулла ШАҲРИЁРОВ,
Тошкент давлат юридик университети магистранти.