Амир Темур мақбарасининг хилхонасидаги қабр ўрганилди: Тарих учун янги факт топилди
Яқинда Амир Темур мақбарасининг шарқий томонидаги хилхонадаги қабр ўрганилди. Қабртошнинг юза қисмига сулс хати билан турли муаллифларнинг қаламига мансуб мисралар битилган. Тошнинг ўнг ва бош томонида эса шундай ёзувлар бор: “Бу Аллоҳнинг раҳмат ва мағфиратига бурканган улуғ насаб соҳиби амирзода Муҳаммад Жаҳонгирнинг қабридир. Аллоҳ таоло унинг жойини жаннатдан қилсин. Зулқаъда ойининг ўн тўртинчи куни 836 йил вафот этди. У улуғлик ва виқор соҳиби бўлган олий султондир”.
Қабртошнинг чап ва оёқ томонида “Буюк султон, подшоҳ, оламлар салтанатининг соҳиби бўлмиш хоқон, подшоҳлар султони Амир Темур Кўрагоннинг (Аллоҳ таоло уни фирдавс жаннатларига дохил қилсин) сулоласидан бўлмиш амирзода Муҳаммад Султон(нинг катта ўғли), тож ва тахт соҳиби амирзода Жаҳонгир”, деган ёзув битилган.
Ушбу қабртош Амир Темурнинг суюкли набираси Муҳаммад Султоннинг катта ўғли Муҳаммад Жаҳонгирнинг қабридир. Маълумки, Амир Темур сулоласида темурийлар исмлари такрорланиб туради. Шунинг учун чалкашликка йўл қўймаслик керак. Ушбу ҳолатда ҳам биз у ҳақида нақл қилаётган Муҳаммад Жаҳонгир Мирзонинг исми бобоси Муҳаммад Жаҳонгир Мирзо (Амир Темурнинг катта ўғли) билан бир хил.
Муҳаммад Жаҳонгир Мирзо 1396 йилда туғилган. Амир Темур вафотидан сўнг 1405 йилда Халил Султон салтанатни эгаллагач, бобоси Амир Темур хоҳишини ҳисобга олиб, валиаҳд ҳисобланмиш Муҳаммад Султон Мирзонинг тўнғич ўғли, 9 ёшли шаҳзода Муҳаммад Жаҳонгир Мирзони хон қилиб кўтаради ва ўзи оталиқ мансабида бўлади.
1409 йилда Халил Султон Мирзо вафотидан сўнг Шоҳрух Мирзо Самарқанд тахтига ўғли Улуғбек Мирзони ўтқазади. Муҳаммад Жаҳонгир Мирзога Ҳисор ҳокимлигини беради ва у ҳали ёш бўлганлиги сабаб, амир Ҳамза Сулдузни отабек қилиб тайинлайди.
1413 йил Муҳаммад Жаҳонгир Мирзо Шоҳрух Мирзонинг қизи Марям Султонбегимга уйланади. У умрининг охиригача Ҳисорда ҳукмронлик қилиб, 1433 йилда 38 ёшида вафот этади. Ундан Муҳаммад Султон Мирзо ва Халил Султон Мирзо исмли икки ўғил қолади.
Кўриняптики, хилхонадаги биргина қабртошда мавжуд битиклар бизга темурийлар тарихининг муҳим жиҳатларини очиб беряпти. Энди олдимизда турган вазифалар хилхонадаги бошқа қабртошларни ҳам ўрганиш ва ундаги битикларни тадқиқ қилишдир.
Хушнуд Абдуллаев,
Амир Темур мақбараси директори.