Амир Темур аллома Саъдуддин Тафтазонийни нега Самарқандга таклиф қилган эди?
Етук шарқшунос олим Убайдулла Уватов ҳаёт бўлганида шу кунларда 84 ёшга кирарди.
У.Уватов «Меҳнат шуҳрати», «Фидокорона хизматлари учун» орденлари ва «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси» фахрий унвони билан тақдирланган. Кўп йиллар Имом Бухорий ва Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказларида директор бўлиб фаолият юритган.
Қуйида Убайдулла Уватовнинг «Жаҳон адабиёти» журнали, 2007 йил, 10-сонида чоп этилган “Аллома Тафтазоний Самарқандда” мақоласидан парча ўқийсиз.
***
Саъдуддин Тафтазонийнинг аксар фаолияти Самарқандда, Амир Темур саройида ўтган. Ҳаёт фалсафасини қарангки, айнан шу олимнинг Соҳибқирон Амир Темур ҳомийлигида Самарқандда салмоқли фаолият кўрсатиб, муҳим асарлар яратгани ҳақида бундан уч ой муқаддам Буюк Британиянинг пойтахти Лондонда бўлиб ўтган бир суҳбатнинг ҳам гувоҳи бўлган эдик.
Гап шундаки, хизмат сафари юзасидан шу йил май ойида Буюк Британияда бўлганимизда, Лондон университети қошидаги Ислом тадқиқотлари марказининг директори, таниқли олим, профессор Муҳаммад Абдулҳалим жаноблари билан мулоқотда бўлган эдим. Асли мисрлик бу олим Шарқ мамлакатлари тарихи, Ислом дини таълимотларига доир кўплаб асарлар яратган йирик мутахассис, айниқса, Қуръони Каримнинг инглиз тили таржимони сифатида ҳам дунё илмий доираларида катта нуфузга эга (бу таржима 2004 йилда Англиядаги Оксфорд университети томонидан нашр этилган).
Шулар билан бирга, суҳбатимиз чоғида профессор жаноблари Мовароуннаҳр тарихи, юртимизда мустақиллик йилларида амалга оширилаётган улкан илмий-маърифий жараёнлардан ҳам яхши хабардор бўлиб, шулар жумласидан 2007 йилда Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича халқаро ислом ташкилоти (АЙСЕСКО) томонидан мамлакатимиз пойтахти Тошкент шаҳрининг Ислом маданияти пойтахти деб эълон қилинганлиги, қадимий шаҳарларимиз Самарқанд, Марғилоннинг юбилейлари, ўрта асрларда юртимиздан етишиб чиқиб, исломий илмлар ва маданияти равнақига салмоқли ҳисса қўшган буюк алломалар ва йирик арбоблар, хусусан, Амир Темур ва темурийлар даври тарихи ва маданияти бўйича ҳар томонлама чуқур маълумотга эга эканлигини ҳам намоён қилди. Мулоқотимиз охирида Муҳаммад Абдулҳалим жаноблари менга эсдалик сифатида Амир Темур таклифи билан пойтахт Самарқандга келиб, самарали фаолият кўрсатган улуғ алломалардан бири Саъдуддин Тафтазонийнинг айнан Самарқандда 1382 йилда араб тилида ёзган «Шарҳ ал-Мақосид» асарининг 1984 йили Қоҳирадаги ал-Азҳар университети нашриётида чоп этилган беш жилдлик улкан асарини совға қилган эди.
Тарихнавис олим Хондамирнинг «Ҳабиб ас-сияр» номли асарида ёзилишича, Амир Темур ҳазратлари Саъдуддин Тафтазонийнинг катта илмий салоҳияти ва юксак инсоний фазилатларидан яхши хабардор бўлганлиги учун 1380 йилда – бу пайтда олим Хоразмда фаолият кўрсатар эди – уни ўз давлатининг пойтахти Самарқандга таклиф қилади. Бу таклифни аллома миннатдорлик туйғуси билан қабул қилади, лекин Маккага, ҳаж ибодатини адо этиш учун муборак сафарга тайёргарлик кўраётганлиги сабабли салтанат соҳибидан узр сўрайди. Бироқ Амир Темурдан такрорий таклиф келгач, у Самарқандга, олампаноҳ саройига ташриф буюради. Соҳибқирон ҳазратлари олимни Самарқандга келиши билан самимий қутлаб, унга алоҳида иззат-ҳурмат, камоли эҳтиромини изҳор қилади. Улар ўрталарида кўплаб мароқли суҳбатлар, самимий мулоқотлару қизиқарли илмий-маърифий тарздаги учрашувлар бўлиб ўтади.
Соҳибқирон томонидан кўрсатилган юксак илтифот, илиқ ва самимий муносабат, яратилган мукаммал шарт-шароитлардан олимнинг илмий-ижодий фаолияти янада ривожланади. У Самарқанд мадрасаларида мударрислик фаолиятини олиб бориш билан бирга кўплаб шогирдларга устозлик қилади, ўзининг бир қатор муҳим асарларини ҳам айнан шу шаҳарда яратади.