Амир Темур тангаларидаги сўзлар, рақамлар, тамға қандай маънони билдирган?
Аждодларимиздан бизга мерос бўлиб қолган кўплаб тарихий ёдгорликлар ва қўлёзмалар асрлар давомида бошқалар томонидан ўзгартирилиши мумкин, бироқ тангалардаги ёзув ва тасвирлар асл ҳолича сақланади. Улардан узоқ ўтмишни ўрганишда аниқ ва муҳим манба сифатида кенг фойдаланиш мумкин. Хусусан, Соҳибқирон Амир Темур ва темурийлар даврида зарб этилган сифатли турли тангалар ана шундай хусусияти билан қимматли.
Амир Темур салтанатида кўп сонли мис, кумуш ва олтин тангаларни босиб чиқарувчи зарбхоналар мавжуд бўлган. Зарб қилинган тангаларда туркча, арабча, форсча сўзлар битилган.
Амир Темур тангалари реверсида асосан танга зарб этилган жойнинг номи, санаси сўзлар ёки рақамлар билан калима ва тўрт халифа номи, учта ҳалқадан иборат тамға бўлган. Уч ҳалқа Соҳибқироннинг дунёнинг уч қитъаси ҳукмдори эканлигини билдирган.
Темур ва темурийлар давридаги XIV-XV асрга тегишли ушбу ноёб тангалар Мирзо Улуғбек мадрасаси музейида сақланяпти.
Жасур Тошпўлатов,
Регистон ансамбли гид экскурсоводи.