Амир Темур ва Султон Боязид қўшини тўқнашган жанг майдонига дўстлик дарахти экилди

Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 685 йиллиги муносабати билан Самарқанд давлат университетида бўлиб ўтган илмий-амалий анжуманда буюк саркарданинг ҳаёт-фаолияти, инсоният тамаддунида тутган ўрни ҳақида сўз борди.

Тарихдан маълумки, аксарият ҳукмдорлардан култепага айланган шаҳарлар, қирғинбаротлар қолди, аммо Соҳибқирон Амир Темур ҳар доим бунёдкор саркарда сифатида улуғланди. Шу сабаб ҳам у ҳақида ғарбу шарқда жуда кўп китоблар битилди, шахси ўрганилди. Хусусан, Темур ҳақида ёзилган ғарб тилларида 500 дан ортиқ, шарқ тилларида 900 га яқин асарлар бизга маълум. Бу автобиографик асарларда буюк саркарданинг ғолибона юришлари билан бир пайтда унинг адолати, бунёдкорлиги, илм-фанга ҳомийлиги муаллифлар томонидан эътироф этилган.

Соҳибқирон ўзини урушга чорлаган ўша даврнинг айрим мамлакатлар ҳукмдорлари билан жанг қилмасликка, аксинча муросага келиб, доимо инсонлар жонига, молига талафот етказмасликка чорлади. Аммо уларнинг барчаси ҳам Темурнинг бу тинчлик чақириғига қулоқ солмади, фитналарга учди. Оқибатда уни жангга киришга мажбур этди. 

Анжуманда Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди раиси, ёзувчи  Муҳаммад Али Амир Темур ва Султон Боязид муносабатлари ҳақида тўхталди.

- Яқинда жамғарма ходимлари Туркияда бўлиб, Амир Темур ва Боязид ўртасида бўлиб ўтган жанг манзилида бўлди, - деди жамғарма раиси. - У ерга икки халқ ўртасида дўстлик ва биродарликни мустаҳкамлаш ва абадийлаштириш рамзи сифатида дарахт кўчатлари экдик. Зеро, бугун мамлакатларимиз ўртасида дўстона муносабатлар ривожланяпти.

Шунингдек, тадбирда Тошкент давлат шарқшунослик университети профессори Адҳамбек Алимбеков, Темурийлар тарихи давлат музейи раҳбари Хуршид Файзиев Соҳибқироннинг илм-фан ҳомийси, бунёдкорлик ишлари ҳақида тўхталди.

Тадбирда самарқандлик бир гуруҳ фаоллар “Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди”нинг эсдалик нишони билан тақдирланди.

Сулаймон Мардиев.