Андижон вилояти ҳокими устозларга таъзим қилиб, Марҳаматдаги воқеа бўйича узрли муносабат билдирди

Андижонда ўқитувчилар тик турган ҳолда ота-оналар олдида узр сўрагани кенг муҳокамаларга сабаб бўлгани ҳақида хабар қилинганди.

Ҳолат юзасидан вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ҳам мурожаат билан чиқди.

"Бугун ижтимоий тармоқ, жамоатчилик вакиллари орасида кўплаб муҳокамаларга ва эътирозларга сабаб бўлаётган ҳолат, устоз-мураббийларимизнинг шаъни ва қадр-қимматини обрўсизлантиришга қаратилган ҳаракат эканлигини кўриш мумкин.

Бу билан устозларимизга бўлган эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилган айни даврда «айрим» раҳбарларнинг маънавиятсизлиги ва савиясизлиги кечириб бўлмас хатони юзага келтирди.

Ҳурматли устоз ва мураббийлар!

Мен Андижон вилояти ҳокими сифатида мазкур ҳолатни ўз назоратимга олиб, мени бошчилигимда алоҳида ишчи гуруҳ тузилди.

Айтиб ўтиш жоизки, ушбу хатога йўл қўйган ҳар қандай раҳбарларга қонунда белгиланган жазо чораларини кўрилишини таъминлайман.

Андижонда ҳеч бир устоз ва мураббийларимиз бундай ҳолатга тушишларига йўл қўймайман, зеро, доимо устоз ва мураббийларимиз олдида таъзимдамиз", дейилади мурожаатда.

Шунингдек, Марҳамат тумани ҳокими Б.Юлдашев барча устоз-мураббийлардан ҳолат учун узр сўраган.