АҚШ 24 нафар россиялик дипломатни 3 сентябргача мамлакатни тарк этишни талаб қилди

АҚШ ҳукумати Россия элчихонасига визалар муддати тугаши муносабати билан 3 сентябргача мамлакатни тарк этиши керак бўлган 24 дипломат рўйхатини тақдим этди. Бу ҳақда Россия элчиси Анатолий Антонов National Interest журналига маълум қилди.

"Уларнинг деярли барчаси виза янгиланишисиз чиқиб кетади, чунки Вашингтон тўсатдан виза тартибини кучайтирди", деди у. Интервью матни элчихонанинг Facebookдаги саҳифасида эълон қилинди.

Антоновнинг таъкидлашича, Америка маъмуриятининг Москва билан барқарор ва шаффоф алоқаларни ривожлантириш зарурлиги ҳақидаги баёнотларига қарамай, АҚШнинг Россиядаги дипломатик ваколатхоналари ходимлари мисли кўрилмаган чекловлар шароитида ишлашга мажбур.

Шунингдек, АҚШ ҳукумати сабабларини тушунтирмасдан, россиялик дипломатлар қариндошларининг амалдаги визаларини бекор қилмоқда ва кириш визалари санасини чўзмоқда.

Шу билан бирга, Давлат департаменти Антонов "вазиятни ноаниқ тасвирлаб берганини" айтди. Бўлим матбуот котиби Нед Прайснинг таъкидлашича, бундай дипломатик ваколатхона ходимлари мамлакатни тарк этиши ёки визани узайтириш учун ариза бериши керак. Ҳар бир сўров индивидуал тарзда кўриб чиқилади.

Сўнгги йилларда АҚШдаги россиялик дипломатларнинг иш шароитлари тобора оғирлашиб бормоқда. Антонов таъкидлаганидек, Москва ўн минглаб руслар яшайдиган Американинг Ғарбий соҳилидаги консулликдан бутунлай маҳрум бўлган. Бундан ташқари, россиялик дипломатларни мунтазам чиқариб юбориш ҳоллари кузатилмоқда. Вашингтон, шунингдек, виза тартибини кескин равишда кучайтирди.