AҚШ Конгресси аъзолари Самарқандга ташриф буюрди
Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов AҚШ парламенти аъзолари билан учрашди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон Республикаси билан Aмерика Қўшма Штатлари ўртасидаги ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётгани таъкидланди. Э.Турдимов Самарқанд вилоятининг сармоявий ва сайёҳлик салоҳияти ҳақида батафсил маълумот берар экан, AҚШнинг саноат, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги ва туризм саноати каби етакчи компанияларини ҳамкорликка таклиф қилди.
Aмерика парламенти аъзолари Самарқанддаги муқаддас қадамжо ва тарихий обидалар билан танишди.
Меҳмонлар тарихий ёдгорликларнинг миллий меъморчилик анъаналари асосида бунёд этилгани, мазкур иншоотларнинг ҳар бири халқимизнинг бой ўтмиш ва қадимий маданиятга эга эканидан далолат беришини қайд этди.
Делегация аъзолари Хўжа Дониёр зиёратгоҳи, Aмир Темур мақбараси, Регистон майдони, Бибихоним мажмуаси ва Мирзо Улуғбек расадхонасини томоша қилди. Улар ўзбек халқининг маданий ва тарихий меросини келажак авлодлар учун жаҳон цивилизацияси хазинасининг ажралмас қисми сифатида асраб-авайлаш катта аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.