АҚШ Конгрессида Facebook муҳокама қилинди
Facebook платформаларида узоқ вақт узилиш бўлганидан бир кун ўтиб, компаниянинг собиқ ходими АҚШ Конгрессида энг йирик ижтимоий тармоқ фаолияти бўйича ўтказилган махсус тингловда маълумот берди.
Аввалроқ 37 ёшли Фрэнсис Хауген 3 йил давомида маҳсулот менежери бўлиб ишлаган компаниянинг бир қатор ички ҳужжатларини расмийлар ва журналистларга топширган эди.
"Мен илгари Facebookда ишлаганман. Facebookка уланганман, чунки Facebook мавжудлиги фақат яхшиликка хизмат қилади деб ўйлагандим. Лекин мен ҳозир шу ердаман, чунки менимча, Facebook маҳсулотлари болалар учун зарарли, улар келишмовчилик келтириб, демократиямизни заифлаштиради. Компания раҳбарияти Facebook ва Instagramни хавфсиз қилишни билади, лекин улар бунинг учун зарур ўзгаришларни амалга оширмайди, чунки уларга астрономик фойда одамлардан устун", деди компания ходими Конгрессда.
Марк Цукерберг компаниясига нисбатан танқид конгрессменлардан ҳам келиб тушди. Улар ижтимоий тармоқ ёшларга зарар етказаётгани ва жамиятга нохуш таъсири ҳақидаги хабарларни назорат органлари томонидан текширилишига чақирди. Сенатнинг тижорат масалалари бўйича қўмитаси раиси Ричард Блюментал эса Facebook маҳсулотларини сигарет билан таққослаб, мойиллик жиҳатдан бир-бирига ўхшашлиги ҳақида гапирди.
"Болаларимиз қурбонга айланмоқда. Бугун ўсмир ойнага қараб, шубҳа ва ишончсизликни кўради. Лекин аслида, кўзгуга Марк Цукерберг қараса бўларди", дейди Блументал.
Душанба куни Instagram ва Facebook ижтимоий тармоқларининг узилиши хакерлик ҳужуми билан боғлиқ эмас эди. АҚШ киберхавфсизлик агентлиги маълум қилишича, бу конфигурация хатоси, технологик носозлик туфайли бўлган. АҚШ ҳукумати бошқа ўта муҳим инфратузилмага таъсир кўрсатиши мумкин бўлган киберфазодаги вазиятни кузатаётганини таъкидлади.
Г.Холдорова тайёрлади.