АҚШ Конгресси делегацияси Ўзбекистонга келди
АҚШ Конгресси делегацияси Ўзбекистон - Америка ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболларини, жумладан, парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилиш учун Ўзбекистонга келди. Бу ҳақда «Дунё» АА хабар берди.
Мамлакатимизнинг Вашингтондаги элчихонасидан маълум қилинишича, делегация таркиби АҚШ Конгресси вакили, Миссисипи штатидан республикачи конгрессмен Трент Келли ва Вакиллар палатасининг Йўллар ва воситалар бўйича қўмитаси аъзоси, Иллинойс штатидан республикачи конгрессмен Дерин Лахуд ҳамда уларнинг ходимларидан иборат.
Америкалик қонунчилар Ўзбекистонда бўлган вақтларида Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси раҳбарияти билан, шунингдек, республикамиз вазирлик ва идораларида икки томонлама учрашувлар ўтказади.
Ташриф давомида делегация мамлакатимизнинг тарихий ва маданий мероси билан ҳам танишади.