АҚШ вакиллари палатаси спикери Пелоси Тайванга ташриф буюрса Хитой чора кўришга ваъда бермоқда
Пелоси эса аллақачон Малайзияда, у ердан Тайванга бориши кутилмоқда.
Агар АҚШ Вакиллар палатаси спикери Ненси Пелоси Тайванга ташриф буюрса, Хитой ўз суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш учун қўлидан келган барча ишни қилади, деди Хитойнинг БМТдаги вакили Чжан Жун брифингда.
Пелоси ўзининг Осиё турнесини ўтган ҳафтада бошлади, жумладан Япония, Жанубий Корея, Малайзия ва Сингапурга. Шу билан бирга, оммавий ахборот воситалари расмийнинг Тайванга ҳам ташриф буюриш нияти ҳақида кўп ёза бошлади. Унинг ўзи хавфсизлик талабларига биноан бу маълумотни тасдиқламади.
Хитой Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Тань Кэфэй расмийнинг оролга ташрифи “ягона Хитой” тамойилини бузиши, ҳарбий соҳадаги муносабатларга путур етказиши ва вазиятнинг кескинлашувига олиб келишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, “Хитой армияси буни қўлларини қовуштириб кузатмайди ва ташқи аралашувни тўхтатиш учун барча чораларни албатта кўради”.
Вашингтон ва Пекин муносабатларидаги Тайвань масаласи Украинадаги вазият фонида алоҳида аҳамият касб этди. Хитой тарихий ва сиёсий сабабларга кўра ҳеч қандай ўхшашлик ўринли эмаслигини таъкидлаб, ички ишларга аралашмасликни талаб қилмоқда.
Тайваннинг China Times газетасининг ёзишича, Пелоси соат тахминан бугун 21:00 (Тошкент вақти билан 18:00)да Тайванга учади. Айни пайтда у Малайзияда тўхтаган.