АҚШнинг “Аср келишуви”га фаластинликлар рози бўлармикин?
Исроилнинг HaYom газетаси Исроил ва Фаластин ўртасидаги муаммонинг ечимига қаратилган “Аср келишуви” номли ҳужжатнинг моддаларини эълон қилди.
АҚШ томонидан ишлаб чиқилган мазкур келишувни Саудия Арабистони, БАА ва Миср қўллаб-қувватлаши айтилмоқда.
Келишувда, хусусан, Ғазо сектори ва Ғарбий соҳилдаги яҳудийлар яшайдиган ҳудудлардан ташқарида Янги Фаластин деб аталувчи янги давлат барпо этилиши кўзда тутилган. Ғарбий соҳилдаги яҳудийлар яшайдиган жойлар эса ҳозиргидек Исроилнинг назоратида қолади.
Қуддус Исроил ва Янги Фаластин ўртасида бўлинмайди, бироқ ҳар икки давлатнинг пойтахти бўлади. Қуддусда яшайдиган арабларга Янги Фаластин фуқаролиги берилади. Яҳудийларга араблардан, арабларга эса яҳудийлардан уй олишига рухсат этилмайди. Қуддусга янги ҳудудлар қўшилмайди.
Мазкур келишувнинг амалга оширилишини АҚШ, Европа Иттифоқи ва Форс кўрфазидаги нефть экспорт қилувчи давлатлар молиялаштиради. Қўллаб-қувватловчи давлатлар Янги Фаластиндаги миллий лойиҳалар учун 5 йил давомида 30 миллиард доллар ажратади. Маблағнинг 20 фоизини АҚШ, 10 фоизини Европа Иттифоқи, 70 фоизини эса Форс кўрфазидаги араб давлатлари беради.
Янги Фаластин давлати ўз армиясига эга бўлмайди, фақатгина полицияга енгил қуроллар берилади. Янги Фаластин давлатига ташқаридан ҳужум бўлган тақдирда уни Исроил ҳимоя қилади.
Агар Исроил “Аср келишуви”га эътироз билдирса, АҚШ унга молиявий ёрдамни тўхтатади.
Келишувда бошқа моддалар ҳам бор, бироқ фаластинликлар АҚШнинг бу таклифига рози бўлармикин?