Арисдаги портлаш сабаб тўхтатиб қўйилган поезддаги ўзбекистонликлар автобусларда қайтарилмоқда

Ўзбекистоннинг Олмаота шаҳридаги Бош консулхонаси берган маълумотга кўра, жорий йилнинг 25 июнь куни Уфа шаҳридан келаётган 382-сон темир йўл рейсининг қолган барча йўловчилари автобуслар орқали Тошкент шаҳрига юборилди. Бу ҳақда ТИВ Матбуот хизмати хабар берди.

Шунингдек, Челябинск-Тошкент йўналишида ҳаракатланаётган ва Арис шаҳридаги ўқ-дорилар портлашлари оқибатида, Туркистон шаҳрида тўхтатиб қўйилган “Россия темир йўллари”га қарашли 365-рейс йўловчилари “Жибек Жолы” - “Ғишт кўприк” назорат-ўтказиш пунктигача Қозоғистоннинг Туркистон вилояти Акимати кўмагида, у ёғига Тошкент шаҳригача эса “Ўзавтотранс” автобусларида етказилди.

25 июнь куни кечаси Чимкент шаҳрида тўхтатиб қўйилган “Новосибирск-Тошкент” 370-термирйўл рейсининг 264 нафар йўловчиларини Тошкент шаҳрига етказиш ишлари 26 июнь куни эрталаб давом эттирилди.

Консуллик-ҳуқуқий департаменти Қозоғистон ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари зарур вазиятларда Ўзбекистоннинг Нур-Султон шаҳридаги Элчихонасига (тел. :  +7-717-295-42-52) ёки Олмаота шаҳридаги Бош консулхонасига (тел. :  +7-727-291-11-78) мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатади.