"Аттанг, тарбия кўрмабди-да"
Тарбия мураккаб жараён, уни ҳамма қирраларини жамулжам қилган қатъий йўли ва ягона усули йўқ. Бошқача айтганда, тарбия индивидуал хусусиятга эга.
Шахснинг феъл–атвори, дунёқараши, ақлий, жисмоний имкониятлари ҳисобга олинган ҳолда олиб борилсагина кутилган натижани беради.
Бефаросат, андишасиз, мақтанчоқ, маҳмадона, оғзига келганини ўйламай гапираверадиган кимсаларни кўрганимизда «Тарбия кўрмабди-да», деб қўямиз. Уларнинг етти пуштини биладиган қариялар, оббо, бобосига ёки отасига тортибди–да, дея бош чайқашади.
Дарҳақиқат, юксак инсоний фазилатлар ҳам, худбинлик, калондимоғлик, қўрслик, сўкиниб гапириш каби ярамас одатлар ҳам қондан ўтади. Шундай экан, биз фарзандларимизни одобли, ширинсўз, каттага ҳурмат, кичикка иззат, ўқиган, андишали инсон бўлишини истасак, тарбияни ўзимиздан бошлашимиз керак.
Қуш уясида кўрганини қилади, деган гап бор. Оилада муносабатлар ўзаро ҳурмат, ахлоқ-одоб негизида қурилган бўлса, бу фарзандлар дунёқарашида ҳам кўринади. Айрим ота-оналар фарзандлар олдида, ҳали кичкина, тушунмайди, деб ҳар хил ножўя сўзларни гапираверишади. Ёки одамларни ғийбат қилишади. Бола энди тетапоя қилаётган бўлса-да, эшитган гапларини яхши эслаб қолади. Мурғак тасаввурида одамларга нисбатан ёмон фикирлар туғилади.
Ота-она фарзанд учун ибрат. Болалар улардан ўрнак олишади. Ўзларини тутишлари, гапиришларига тақлид қилишади. Содда қилиб айтганда, оилада эр-хотин ўртасида шарм-ҳаё пардаси кўтарилмаслиги лозим.
- Кўча-кўйда, бозор-ўчарда, давраларда андишасиз, ўзини тутаолмайдиган енгилтак, одобсиз айрим одамларни кўрганимизда, тарбиясиз экан, деб ранжиймиз. Аслида чуқурроқ ўйласак, айб уларда эмас, тарбия берганларнинг ўзлари тарбия кўрмаганида.
Тадқиқотларга кўра, дунёга келадиган бола ҳомила ривожланиш жараёнидаёқ ташқи таъсир ва она руҳиятига реакция бера бошлар экан. Ёқимли мусиқа, яхши гаплар, хотиржамлик инсон сифатида шаклланаётган мурғак вужудда мулойимлик, меҳрибонлик ҳисларини уйғотса, ота-онанинг жанжаллари безовталик, асабийлик ҳомила ДНКсига, яъни ирсий ҳужайрасига ўтиб туғилгандан кейин хулқ-атворида намоён бўлар экан.
Бундан хулоса қилиш мумкинки, фарзандларни дунёга келтириб, уларга тарбия берадиган ота-онанинг ўзлари тарбияли бўлиш керак. Бундай яхши тарбия кўрган маданиятли ота-оналаримиз кўп. Улар дунёга келтириб тарбиялаган ўғил-қизлар жамиятимиз фахрига айланишган.
Савол туғилади: Хўш, яхши тарбиячи бўлиш учун инсон ўзини қандай тарбиялаши керак?
Бунинг учун шахс китоб ўқишни, одамлар, теварак-атрофни кузатиб, тўғри хулоса чиқаришни ўрганиши лозим. Китоб ҳаётни, одамийликни, яхши фазилатларни тарбиялайди. Максим Горкийнинг "Китоб ўқишдан тўхтаган киши фикрлашдан тўхтайди", деган гапида чуқур маъно бор. Ўзимизда юксак инсоний фазилатларни тарбияловчи ўқишдан тўхтамайлик.
Тоғаймурод Шомуродов.