Автомобиль бошқаришда беписандлик қилиш кулфат келтиради

Пайариқлик 1996 йилда туғилган Ш.М. шуни эртароқ англаб етганида эди, транспорт воситасини бошқаришга нисбатан бунчалик бефарқ бўлмаган, эндигина 13 баҳорни қаршилаган М.О.нинг уволига қолмаган бўларди...

Маниобод маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Пахтакор қишлоғида яшовчи Ш.М. жорий йилнинг 27 февраль куни отасига қарашли “Нексия” билан пиёдалар йўлагидан мактабга кетаётган М.О.ни уриб юборади. Ўта оғир жароҳат олган болакай воқеа жойида ҳаётдан кўз юмади.

Жиноят ишлари бўйича Пайариқ тумани суди судьяси Х.Келдиярова раислигида яқинда ўтган суд мажлисида ушбу жиноят иши кўриб чиқилди. Гувоҳларнинг кўрсатмалари, суд экспертизаси хулосаси ва бошқа далиллар билан Ш.М.нинг айби тўлиқ исботланди. Ўзбекистон Республикаси ЖК 266-моддасининг 2-қисми билан унга икки йилу олти ой муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш, беш йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Кўпчилик ушбу сатрларни ўқиб, “гуноҳига яраша жазоси”, дейиши мумкин. Тўғри, ҳукм ўқилди – айбдор жазосини олди. Аммо ҳозирги кунда автомобиль бошқараётган ёш йигит-қизларнинг барчасига нисбатан ҳайдовчилик гувоҳномасини белгиланган тартибда ўқиб олган, транспорт воситасини бошқаришни яхшигина ўрганган, дея оламизми?!

Ҳайдовчиликда суяги қотмаган фарзандига транспорт воситасини ишониб топшираётган баъзи бир ота-оналар бундан тегишли хулоса чиқаришларини истардик. Чунки айрим эркатой фарзандлар ўзларининг қалтис хатти-ҳаракатлари билан кимнингдир ўлимига, кимнингдир эса бир умр ногирон бўлиб қолишига сабаб бўлмоқда. Қайсидир шошқалоқ “ота ўғил”нинг қўпол хатоси билан ёшгина фарзандидан айрилиб қолиш нафақат ота-она учун, балки жамиятимиз учун ҳам катта йўқотиш, улкан мусибатдир.

Қачонки, ҳаваскор ҳайдовчилар йўл ҳаракати иштирокчиси сифатида одамлар ҳаёти ва соғлиғини асраш шарт эканлигини тушуниб етсаларгина, йўлларда бундай бахтсиз ҳодисалар сони камайиши мумкин.