Аввал импорт қилинган цитрус мевалар энди томорқаларда етиштириляпти
Бу ҳақдаги тўлиқ маълумот вилоят Матбуот уйида Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши вилоят бўлими мутахассислари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида берилди.
Раис ўринбосари Алишер Қаршиевнинг қайд этишича, ўтган йили вилоят аҳолиси тасарруфидаги 121,9 минг гектар ер майдонида баҳорги, 3такрорий ҳамда тўқсонбости усулида экинлар экиб, ҳосил олинган. Натижада, йил якуни билан 2 миллион 263 минг тонна маҳсулот етиштирилган.Йил давомида уч марта ҳосил олишга имкон берадиган 12,4 минг ихчам иссиқхоналар ташкил этилган.
- Ўтган йиллар билан солиштирилганда сув таъминоти оғир бўлган 115 та маҳаллада томорқаларни суғориш учун 277 та қудуқ қазиш харажатларини қоплаб бериш учун 32,4 миллиард сўм субсидия ажратилди, - дейди А.Қаршиев. – Натижада, 7 585 та хонадоннинг 834 гектар томорқа ерларида икки марта экин экиш ва қўшимча даромад олиш имконияти яратилди.
Томорқачиларимизда одатий экинлар бўйича тажриба, кўникма бор эди. Фақат яқин йилларгача цитрус меваларни валюта ҳисобига импорт қилардик. Деҳқонларимизнинг тажрибалари асосида аввал қулупнай ва лимон маҳаллийлаштирилди. Ҳозирда киви, мандарин, ҳаттоки банан ҳам томорқада етиштириляпти. Бундай мисолларни Булунғур, Каттақўрғон, Тойлоқ ва бошқа туманларда учратиш мумкин.
Биргина Булунғур тумани Гулзор маҳалласида яшовчи томорқачига кенгашимиз кўмагида 30 миллион сўм маблағ ажратилди ва бир неча йил ичида у томорқасида иссиқхона ташкил этиб, йил давомида қулупнай етиштирмоқда. Фақат томорқачиларимиз учун апельсин етиштириш бироз қийинчилик туғдирмоқда. Яқингача гул қиммат нарх эвазига самолётда келтириларди. Ҳозир Тойлоқ, Оқдарё туманидаги томорқачилар Голландиянинг энг ноёб атиргулларини ҳам ўзлари етиштириб, томорқадан яхшигина даромад олмоқда.
Кенгашнинг яна бир асосий вазифаси фермерлар манфаатини ҳимоя қилиш ҳисобланади. Лекин ўтган йилда пахта хомашёси харид қилишда анча тафовут юзага келди ва кластер корхоналари томонидан тўланиши лозим бўлган маблағнинг кечиктириши хўжаликларга бирмунча қийинчилик яратди. Айнан шундай ҳолатларда кенгаш фермернинг манфаатини ҳимоя қилиши унинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.
Вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши юристконсульти Фурқат Норбоевнинг айтишича, 2023 йилда бу борада 114 миллиард сўмликдан ортиқ 887 та даъво аризаси киритилган ва 92,7 миллиард сўмлик 727 та ариза қаноатлантирилган. Жорий йилнинг ўтган икки ойида эса фермер хўжаликларининг манфаатлари учун 229 та даъво аризаси киритилган.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.