Аёлнинг беҳаё расмларини интернетга тарқатиш билан қўрқитиб, пул талаб қилган шахс ушланди

Тошкент вилояти Олмазор туманида 50 000 АҚШ доллари талаб қилган товламачи ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Олмазор тумани бўлими ва Тошкент шаҳар ИИББ томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Б.С. (эркак) фуқаро А.Г.нинг (аёл) ярим яланғоч ҳолда рақсга тушгани олинган видеолавҳани «интернет» сайтлари орқали тарқатиш ва унинг оила аъзоларига кўрсатиб, шарманда қилиши ҳақида таҳдид қилган. Бунинг эвазига Г.Н.дан 50 000 АҚШ доллари беришни талаб қилиб, шундан, 6 500 АҚШ долларини товламачилик йўли билан олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Б.С.га нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.