Айрим АЁҚШларда К5 экологик синфига мос АИ-80 русумидаги импорт автобензини сотувга чиқарилди
“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан республика аҳолиси эҳтиёжларини сифатли автобензин билан таъминлаш мақсадида шу йил январь ойида “Татнефть” (Россия) компанияси томонидан ишлаб чиқарилган АИ-80-К-5 автобензинни импорт қилиш бўйича келишувга эришилган эди, дея хабар берди "Ўзбекнефтгаз" АЖ матбуот хизмати.
Шунга кўра, "ТАНЕКО" заводидан жами 50 минг тонна АИ-80-К-5 русумдаги автобензини юклаб берилган.
АИ-80 автобензинга бўлаётган талабнинг ортиб бораётганлигини ҳисобга олиб, тақчиллик, узилишлар ва АЁҚШлардаги навбатларнинг олдини олиш мaқсадида бугун, 4 февраль кунидан бошлаб "Ўзбекнефтгаз" АЖ тасарруфидаги АЁҚШлар орқали импорт қилинган АИ-80-К-5 русумли автобензин сотувга чиқарилди.
Маълумот учун: Товар-хомашё биржасида АИ-80-К-5 русумли автобензиннинг бошланғич нархи бир тоннаси учун 7 168,3 минг сўм, “Ўзбекнефтгаз” АЖга қарашли АЁҚШларда истеъмолчиларга сотиладиган якуний нархи бир литри учун 6 000 сўмни ташкил этмоқда.