Айрим обидалар реставрациясида цементдан фойдаланилган
Кейинги йилларда юртимизга сайёҳларни жалб этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, қадимий обидаларни асл ҳолида сақлаш, уларни реставрация қилишда хорижлик мутахассисларнинг жалб этилаётгани бу жабҳадаги ишларнинг ривожига туртки бўлди.
Аммо шу билан бирга айрим ҳолатларда бу қадимий биноларнинг тарихий даври, реставрация талабларига эътиборсизлик, ўртамиёна реставрация қилиниши халқимизнинг кўп асрлик меросини хавф остида қолдиряпти.
Самарқанд шаҳридаги Амир Темур жоме масжидида Маданий мерос агентлиги ташаббуси билан хорижлик реставраторлар иштирокида ўтказилган семинарда айни шу жиҳатлар тилга олинди.
Аввало, ҳар бир нарсани ўз номи билан аташни ўрганишимиз лозим, - дейди Маданий мерос агентлиги директори ўринбосари Турсунали Қўзиев. – Биз турган ушбу қадимий обида мустамлака даврининг мафкураси таъсирида Бибихоним номи билан атала бошланган. Халқ тилида ҳам бу ном оммалашди. Ажабланарлиси, хорижлик сайёҳлар бу манзилни ўз номи билан - Амир Темур жоме масжиди деб сўраб келади. Энди бундай хатоларни тузатиб боришимиз лозим. Мутасаддилар, мутахассислар, зиёлилар уни ўз номи билан айтай бошласа, бу секин-аста халқ тилига кўчади, барчаси ўз ўрнига тушади. Кўпчилик аҳамиятсиз деб билган бу нарса аслида жуда муҳим жиҳат. Асосий мавзуга тўхталадиган бўлсам, Туркия, Эрон каби давлатлар тарихий, маданий ривожланиши, меъморчилик анъаналари биз билан энг яқин мамлакат ва халқлар ҳисобланади. Шу сабабдан ушбу давлатлардан мутахассисларни кўпроқ жалб қиляпмиз. Бугунги кунда Туркия реставрация мактаби дунёдаги энг яхши мактаблардан бири ҳисобланади.
Семинарда иштирок этаётган туркиялик мутахассис Али Ҳусайн бу жабҳада ўз юртида олиб борилаётган реставрация ишлари, кейинги йилларда қайта тикланган қадимий обидалар ҳақида маълумот берди. Хусусан, Сиважкўк мадрасаси, Оқсарой шаҳрида XI асрда қурилган Султонхоним карвонсаройи, Меҳрибон Султон жомеси шулар жумласидан. Хорижлик мутахассис амалга оширилган ишлар бўйича ўз тажрибаларини ўртоқлашди.
Реставрация ўзига хос илм, алоҳида малака талаб қилади, - дейди Али Ҳусайн. – Ва энг муҳими, уни ўз вақтида бажариш. Мен Тошкентдаги айрим қадимий обидаларда ҳам бўлдим. Мустамлака даврида маданий меросга ваҳшиёна муносабатда бўлинган. Таъмирлаш ишлари ҳам реставрация талабларига беписандлик билан, оддий усталар томонидан бажарилган. Масалан, айрим обидаларда цементдан фойдаланилганини кўрдим. Маълумки, цемент ўзига нам тортувчи қурилиш материали. Оқибатда бинонинг барча қисмлари зарарланган. Менга айтишларича бу 50 ёки 70 йил аввал юз берган. Аммо ҳозир бу хатоларни тузатишнинг имкони бор. Бизни қадим ва буюк Самарқандга - реставрация ишларига таклиф қилганидан миннатдорман. Албатта, бу ўринда маҳаллий реставраторларнинг тажрибаларидан ҳам унумли фойдаланиш кераклигини айтишим лозим. Кузатишимча, Самарқанддаги мавжуд қадимий обидаларнинг айримлари таъмирталаб ҳолатга келган. Маҳаллий раҳбарларнинг таъкидлашича, уларни таъмирлашда ЮНЕСКОнинг рухсати, талаб ва тавсияларини олиш лозим экан. Бизда бундай талаб йўқ, Эронда ҳам. Аждодларимиз қурган, ўзимизга тегишли осори-атиқаларни ташқаридан кимдир рухсат беришини кутиб ўтириш шарт эмас аслида. Туркияда маданий меросни асраш илмий экспертиза кенгашининг хулосаси асосида зарур пайтда реставрация ишлари бажарилади.
Яна бир муҳим жиҳатга эътибор бериш лозим. Масалан, биз турган ушбу обида Амир Темур жоме масжиди дейилади. Демак, у ўз даврида қайси мақсадда қурилган бўлса, бугун ҳам шу вазифани бажариши лозим. Масжид бўлса масжид, мадраса бўлса мадраса шаклида, албатта маълум талаблар асосида. Шундагина бугунги авлодлар олдида унинг аҳамияти қадри ошади, бу билан ушбу қадимий обиданинг умри ҳам узаяди.
Илмий-амалий семинарда вилоятимиздаги маданий мерос объектларида реставрация ишларини олиб борган маҳаллий реставраторлар ҳам маданий мерос объектларида амалга оширилган таъмирлаш ишлари ҳақида маълумот берди. Обидаларни таъмирлашда асл ҳолатни сақлаб қолишга ҳаракат қилинаётгани таъкидланди.
Сулаймон Мардиев.
Жасур Шукуров (сурат)