Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Азага борган ўз дардини айтиб... ёки журналист матбуот анжуманида нимани сўраши керак?

Ўзимизни ўзимиз тузатмасак бўлмайдиган кўринади. Ҳурматли ҳамкасблар, журналист ва блогерлар (фақат айримлар!) Гапни пўсткалласидан бошлайман: матбуот анжумани сизга сайёр қабул эмас!

Биринчидан, ҳокимлик вакили бўладими, вазирлик, агентлик, бошқарма бошлиқларими, хуллас, қайси амалдор билан матбуот анжумани ташкил этилса, у сизнинг шахсий муаммонгиз учун минбар бўлолмайди.

Амалдор билан матбуот анжуманида халққа, жамиятга, умуман, кўпчиликка нафи тегадиган масалалар муҳокама қилинади.

Иккинчидан, сизга таҳририятингиз ойлик беряпти, бу анжуманда иштирок этиш ва муҳим саволларни бериб, жавобини ёзишингиз учун.

Учинчидан, агар таҳририятда ишламасангиз ҳам саволингиз каналингиз ё ижтимоий тармоқдаги ўқувчиларингиз учун бўлиши керак.

Тўртинчидан, сизга ўқувчиларингиз, аудиториянгизнинг қизиқиши аҳамиятсиз ҳам дейлик. Аммо шунда ҳам шахсий масалада мурожаат қилолмайсиз. Шахсий масалангиз билан бошқаларнинг вақтини ҳам оласиз.

Бешинчидан, бу ишингиз билан амалдор олдида журналист ва блогерларни шарманда қиласиз, ишонинг. Профессионаллик эмас бу ишингиз.

Шундай журналистларни биламан, агар шахсий масаласи бўлмаса, матбуот анжуманида қатнашмайди...

Яна бир гап. Аксарият блогерлар ўзига мурожаат қилган фуқаронинг индивидуал муаммоси билан бошқаларнинг вақтини олиб, қайта-қайта саволлар билан мурожаат қилади. Бу шахсий масаладан бошқачароқ, аммо бу ҳам этикага тўғри келмайди. Йилда бир марта журналистларга ҳисобот берадиган мутасаддини битта одамнинг муаммоси билан банд қилманг. Оммага манфаатли саволлар беринг.

Рости, бу ҳолатлар анчадан бери ғашимга тегиб юрганди. Бугун мавриди келганда айтишга мажбур бўлдим. Асло касб байрамимиз арафасида кўнглингизни оғритиш ниятим йўқ. "Дўст ачитиб гапиради", деб қабул қилишингизни истайман.

Профессионал бўлайлик, ҳамкасблар!

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ.