Азиз Абдуҳакимов UNWTO Европа минтақавий комиссияси йиғилишининг 65-сессиясида Регистондан туриб қатнашди

Бирлашган миллатлар ташкилотининг Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Европа минтақавий комиссисининг 65-йиғилишига Самарқанд мезбонлик қилди.

Анжуман Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов бошчилигида бўлиб ўтди.

Пандемия билан жаҳондаги вазият сабаб онлайн видеоконференция шаклида ўтган тадбирда 40 дан ортиқ давлатнинг туризм ва соҳага оид вазирлик ҳамда идоралари вакиллари иштирок этди.

UNWTO Европа минтақавий комиссиси йиғилиши 65-сессиясининг асосий мавзуси пандемиянинг туризмга таъсири ва унинг оқибатларидан тикланиш масаласига қаратилди.

Тадбир Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдухакимов ҳамда минтақавий комиссия раиси – Греция Туризм вазири Гарри Теохарис нутқлари билан очилди.

- Президент Шавкат Мирзиёвнинг ташаббуси билан сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилган туб ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон иқтисодиётининг барча соҳалари, жумладан туризм саноати олдида мисли кўрилмаган имкониятлар очилди, - деди Азиз Абдуҳакимов ва иштирокчиларни Ўзбекистонда пандемия даврида соҳани ривожлантириш йўлида олиб борилаётган ишлар билан таништирди.

Шу ўринда у давлат раҳбарининг 28 майдаги “Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ва “Туризм соҳасини санитария-эпидемиологик хавфсизликнинг кучайтирилган режими талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига тўхталиб ўтди.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда туризм секторининг ижтимоий ҳимоясига катта эътибор қаратилаётгани эътироф этилди. Гид ва экскурсиячи хизматларининг ўз-ўзини банд қилувчи шахсларнинг шуғулланиши мумкин бўлган солиқдан холи фаолият турлари рўйхатига киритилиши, уларнинг пенсия ёшига етганда пенсия нафақасини олиши шулар жумласидандир. Шу билан бирга, ноябрь ойининг “учинчи ёш туризми” ойи сифатида танланиши ҳам алоҳида ўринга эга бўлиб, бу ойда кексалар учун махсус туристик пакетлар ишлаб чиқилиб, имтиёзлар тақдим этилади.

UNWTO Бош котиби Зураб Пололикашвили нутқидан сўнг Европа департаменти директори Алиссандра Прианте COVID-19 даврида Европада олиб борилган ишлар ҳамда келгусидаги ташаббусларга доир маълумот берди. Шу билан бирга, йиғилишдан “COVID-19’га жавоб сиёсати” мавзусида вазирлараро муҳокамалар ҳамда UNWTO ва Халқаро молия корпорациясининг яшил молиялаштириш инструменти мавзусидаги маърузалари ўрин олди.