Балансда сақловчи давлат мулкини ўз билганича ижарага беролмайди. Самарқандда шундай қилган ташкилот икки ҳисса ижара ҳақи ва давлат божи тўлайдиган бўлди
Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш маркази вилоят ҳудудий бошқармаси судга мурожаат қилиб, Булунғур тумани ирригация бўлимидан 30 миллион 411 минг 333 сўм ва 19 минг 600 сўм почта харажатларини ундиришни сўраган.
Аризада баён этилишича, давлат мулки ҳисобланган Булунғур тумани ирригация бўлими балансидаги 130 квадрат метр хоналар “Булунғурмахсуссувпудрат” масъулияти чекланган жамиятига ижара шартномаси тузмасдан 2018 йил август ойидан 2019 йил 31 декабрга қадар фойдаланишга берилганлиги аниқланган.
Амалдаги тартибга асосан “Давлат мулкини ижара шартномаси тузмасдан ижарага бериш, ижара шартномасида ижарага берилган мулкнинг предметлари ва сони атайлаб нотўғри қайд этилганлигини, бунинг натижасида ижара тўловининг яширилишига олиб келганлиги ҳолати аниқланганлиги тақдирда марказ уч иш куни мобайнида белгиланган тартибда давлат мулкидан фойдаланганлик даври учун ижара тўловини икки баравар миқдорида ҳисоблаб чиқади ва тегишли ҳужжатларни балансда сақловчига тақдим этади.
Белгиланган норматив ҳужжатларга зид равишда ижара шартномаси тузилмаганлиги сабабли ижара ҳақи миқдорининг икки баравари ҳисобланган. Жавобгарга юқорида кўрсатилган суммани ихтиёрий тўлаб бериш ҳақида тегишли талабнома юборилган. Бироқ тўловлар ихтиёрий амалга оширилмаган.
Суднинг ажрими билан Булунғур тумани ғазначилик бўлинмаси ҳамда “Булунғурмахсуссувпудрат” масъулияти чекланган жамияти ишга мустақил талаб билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида жалб қилинди.
Бироқ белгиланган тартибда суд мажлиси муҳокамаси куни ва вақтидан хабардор қилинган Булунғур тумани ғазначилик бўлинмаси ҳамда “Булунғурмахсуссувпудрат” масъулияти чекланган жамияти суд мажлисига келмади.
Иқтисодий процессуал кодекснинг 170-моддасига асосан иш муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган жавобгар, учинчи шахслар суд мажлисига келмаса, низо уларнинг йўқлигида ҳал қилиниши мумкин.
Иш ҳужжатларига тақдим этилган Самарқанд вилоят ҳокимининг 2018 йил 8 февралдаги 83-Қ-сонли қарори 1-иловасининг102-бандида, хусусий ташкилотлар учун офиснинг 1 квадрат метр учун йиллик энг кам ставкаси 18 минг 100 сўм деб, шу билан бирга, Самарқанд вилояти ҳокимининг 2019 йил 12 январдаги 16-Қ-сонли қарори 1-иловасининг 109-бандида, хусусий ташкилотлар учун идоранинг 1 квадрат метр учун йиллик энг кам ставкаси 21 минг 700 сўм деб белгиланган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 8 апрелдаги «Давлат мулкини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, давлат мулкининг ижара шартномаси ижарага берувчи, ижарага олувчи ва балансда сақловчи ўртасида тузилади.
Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш маркази вилоят ҳудудий бошқармаси Булунғур туман ирригация бўлими балансидаги 130 квадрат метр хоналар бўйича ижара шартномаси тузмаганлиги сабабли ижара ҳақи миқдорининг икки бараварини ҳисоблаб, 30 миллион 411 минг 333 сўм белгиланган.
Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш маркази вилоят ҳудудий бошқармаси вакили иш судга ўтгач тўловлар қисман амалга оширилганлиги сабабли даъво талабини қисман қаноатлантиришни сўради.
Жавобгар томонидан тақдим этилган мемориал ордерга кўра, Булунғур туман ирригация бўлими даъвогарга 15 миллион сўм маблағни тўлаб берган.
Бундай ҳолатда суд даъво аризани қисман қаноатлантиришни, жавобгар Булунғур туман ирригация бўлимидан Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш маркази вилоят ҳудудий бошқармаси фойдасига 15 миллион 411 минг 333 сўм ҳамда ихтиёрий тўланган 19 минг 600 сўм почта харажатларини ундиришни, Республика бюджетига жавобгардан 608 минг 226,66 сўм давлат божи ундиришни лозим деб топди.
Н.Турсунова,
Жомбой туманлараро иқтисодий суди судьяси.