Балиқ истеъмол қилиш нега инсон учун бунчалик муҳим?
Балиқ гўштида А дармондориси мол гўштига қараганда бир неча баравар кўп. Шунингдек, у C, В1, В2, В6, В12 дармондориларига бойлиги билан ҳам қимматли. Маҳсулот инсон танаси учун зарур бўлган фосфор, калций, калий, натрий, магний, олтингугурт каби кўплаб минералларни ўз ичига олади. Бундан ташқари, балиқ гўштида кам миқдорда темир, мис, марганец, кобалт, рух, молибден, ёд, бром, фтор мавжуд. Балиқ гўштининг афзалликлари унинг мана шундай бой таркибига боғлиқ. Витаминлар, микро ва макро элементлар, кислоталар кўплаб касалликлар олдини олишга ёрдам беради. Парҳезшунос мутахассислар қайнатилган балиқни мунтазам истеъмол қиладиган одамларда юрак-қон томир касалликлари эҳтимоли 30% га камайишини таъкидлашади.
Балиқ гўшти фосфорга бой, одам организмида фосфорга бўлган эҳтиёжнинг ошиб кетиши ҳолсизлик ва диққатнинг сусайиши билан намоён бўлади. Балиқни пиширишда имкони борича ундаги фойдали моддалар сақланиб қолишига эътибор бериш зарур. Балиқ пиширишнинг организм учун энг яхши усули қандай?
Қовурилган балиқни тез-тез истеъмол қилиш унинг таркибидаги ёғлар миқдори эвазига қайнатилган балиқдан фарқли ўлароқ, юрак касалликларининг пайдо бўлишига ҳисса қўшар экан. Дарҳақиқат, ҳар қандай қизариб пишган овқат қовуриш пайтида чиқариладиган кансероген моддалар сабабли танага зарар ҳисобланади.
Қайнатилган балиқ маҳсулотлари эса организм учун роҳати жондир. Айниқса, кекса ёшдагилар бу таомга бошқаларга қараганда кўпроқ муҳтож бўлишади.
Қайнатиб пиширилган балиқ нимаси билан фойдали?
Қайнатилган балиқ тўйинмаган ёғли кислоталарга бой, шунинг учун у, айниқса аёллар учун жуда муҳимдир. Ушбу озиқ моддалар организмнинг умумий иммунитетини оширади, қон томирларини тозалашга ва уларнинг ўтказувчанлигини яхшилашга ёрдам беради, витаминларни ўзлаштиришга ва тана ҳужайраларини янгилашга ҳисса қўшади. Парҳезшунослар қайнатилган балиқни кундалик таомномага қўшиш кўплаб юрак касалликлари ривожланишининг олдини олишини таъкидлашади.
Қайнатилган балиқ, айниқса, соғлиқ учун фойдалидир. Маҳсулот қовурилганда эса таркибидаги фойдали моддалар қиздирилган ўсимлик ёғи ишлаб чиққан кансероген моддалар ҳисобига анча камаяди.
Аммо, бошқа томондан эса қовурилган балиқдек иштаҳабоп таом борми?! Маҳсулот димлаб ва қайнатиб пиширилганда ундаги фойдали моддалар кўпроқ сақланиб қолади ва албатта бундай таомлар истеъмоли организм иш фаолиятини мустаҳкамлайди, умрни узайтиради. Балиқни ёғсиз, махсус идишда, паст оловда ўз ёғига димлаб қовуриш фойдали бўлади.
Балиқ гўштининг энг муҳим сифати таркибида ёғли кислоталарнинг мавжудлигидир. Улар Омега-3 деб ҳам аталади. Бундай бирикмалар ҳайвонлар гўштида ҳам, сабзавотларда ҳам, меваларда ҳам учрамайди. Барча турдаги балиқ гўштларида мавжуд яна бир муҳим озуқа фосфор ҳисобланади. Организмда ушбу минерал етишмаса, тишлар, суяклар ва хотиранинг сусайиши билан боғлиқ муаммолар юзага келади. Шунинг учун балиқни бир ҳафтада камида уч марта истеъмол қилинг, дейишади парҳезшунослар.
Юрак-қон томир касалликлари беморлари саломатлигини тиклашда қон томирларини тўсиб қўядиган холестерин тиқилмаларни бартараф этиш лозим бўлади. Бу ишни балиқ гўшти таркибидаги Омега-3 тўйинмаган кислоталари аъло даражада уддалашади.
Калий омега-3 ёғ кислоталари билан биргаликда қон босимини тартибга солади, қон томир мушак тўқималарининг бўшашишига таъсир қилади. Омега-3 эса мия фаолиятига фойдали таъсир кўрсатиши, хотира ва диққатни яхшилаши бугунги кунда ҳеч кимга сир бўлмай қолди.
Балиқ гўшти таркибидаги мўл-кўл D ва B гуруҳи витаминлари, Омега-3 ёғ кислоталари инсон марказий асаб тизими фаолиятини яхшилайди.
Mунтазам балиқ истеъмол қилиш аёллар учун, айниқса, фойдали экан. Бу уларнинг сабабли кунларида жисмоний ва руҳий мувозанатни яхшилайди. Терини ёшартиради, сут безлари ва жинсий аъзолар касалликлари ривожланишининг олдини олади. Балиқ гўштидаги D витамини суяк тўқималарининг минерал мувозанатини тиклайди ва остеопорознинг олдини олади.
Калций, темир моддалари тос аъзолари фаолияти учун фойдали бўлса, тирноқ, соч, суяк ва тишларнинг саломатлиги ва сифатига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
Балиқнинг эркаклар саломатлиги учун ҳам катта фойдаси бор.Масалан, маҳсулот таркибидаги D витамини тестостерон ишлаб чиқаришни фаоллаштиради. Балиқ гўшти таркибидаги магний, натрий, фтор, оқсил эректил функцияни, генитал органларнинг қон айланиш тезлигини оширишга ва саратон ривожланишининг олдини олишга ёрдам беради.
Эркаклар юрак-қон томир касалликларига аёллардан кўра кўпроқ мойил бўлишади. Шу сабабли балиқ уларнинг рационларида мажбурий элемент бўлиши керак.
Болаларни фойдали моддалар билан озиқлантириш учун уларга ҳафтада икки-уч марта димлаб ёки қайнатиб пиширилган балиқ тавсия этилади. Мунтазам балиқ истеъмоли болаларда кўриш фаолиятини ошириб, хотира ва диққатни яхшилайди.
Балиқ тутилган ҳавза ҳамда ҳар бир балиқ турини таркибидаги ёғ миқдорига қараб мазаси турлича бўлади. Чунки балиқлар ўзи боқилган ҳавзадан барча моддаларни гўштига сингдиради. Шунинг учун балиқ танлашда эътиборли бўлган маъқул.
Балиқ гўшти енгил ҳазми, витаминларга бой таркиби билан инсонларга узоқ умр ваъда этади. Уни уйда пиширишни анъана тусига кириши эса фарзандларга соғлом овқатланиш мактаби вазифасини ўтайди.
Дилора Холиқова тайёрлади.