Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ва Қашқадарё вилояти ҳокими "Uzbekistan GTL" заводини қураётган ишчилар билан учрашди

Кечан "Enter Engineering" компаниясининг Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги объектларидан бирида ишчи-ходимлар томонидан норозилик уюштирилиб, компания мулкига зарар етказилгани ҳақида хабар берган эдик.

Бугун Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов, вилоят ҳокими Зойир Мирзаев ва вилоят сектор раҳбарлари завод ҳудудида бўлиб, ҳар икки томонни эшитган ҳолда бўлиб ўтган воқеа тафсилотлари, ишчиларнинг норозилигига сабаб бўлган ётоқ ва овқатланиш жойларидаги шароитлар ҳамда ойлик маоши тўловлари масалалари ўрганилди. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Норозилик билдирган ишчилар билан очиқ мулоқот ташкил этилди ва ишчи-ходимлар томонидан кўтарилган барча муаммо ва масалалар жойида ҳал этилди ва тегишлилиги бўйича қарорлар қабул қилинди.

Бугунги ўрганишлар натижаси бўйича Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг қўшимча ахбороти ҳам эълон қилинади.