Банкоматлар ҳам алдаши мумкинми?

Яқинда  интернетда кўзим тушди – банкоматлар  нақд  пуллардан  уриб қолаётганмиш! Шунақаси ҳам бўларканми, улар автоматлаштирилган машина-ку, одам бўлса экан, нима қилиб бўлса-да  йўлини топса, деб ҳайрон бўлдим!  Негаки, маош қўлга теккач, унинг маълум қисмини албатта нақдлаштириб олишга ҳаракат қиламиз. Ўзимиз вақт топмасак, бирор танишимиз ё ҳамкасбимиздан илтимос қиламиз, йўл-йўлакай пластик картангиздан пул ечиб келиб беради. 

Бу хабарни дарҳол ҳамма таниш-билишларга йўлладим. Яқинларимнинг пешона терисига куйиб қолишларини истамадим-да! Маълумотларда банкоматлардан пул ечгач, уни албатта санаб олишни тавсия қилишганди. Асосан, каттароқ суммалардан пуллар кам чиқаётганмиш. Ердан топиб олсанг ҳам санаб ол, дейишади-ку! Огоҳ бўлган яхшида!

“Тиниб-тинчимаган одамлар-ей, нималарни ўйлаб топишмайди-я!” Кўнгилга ҳар хил гап-сўзлар келади, десангиз! Автомат бузуқ  бўлса, умуман пул чиқармаслиги керак. У компьютерлаштирилган бўлса... Нега уриб қолади? Унда одамларнинг автомат–машиналарга ҳам ишончи қолмайди-ку, буёғи қандай бўларкин?

Дўконларда пластик картадан баъзан битта нолни кўп ёзиб, 10 минг сўм ўрнига 100 минг, 5 минг ўрнига 50 минг адашиб уриб юборишади-ку, бу ҳам шундай ҳолатдир... Одамлар ўзлари хато қилишаётгандир, деб ўйлаб қолдим! Бундай эмас экан!

Мутахассислар бунинг сабабини топишибди. Маълум бўлишича, банкоматнинг  купюралар солинадиган  кассеталари  ўрни  алмашиб қолганмиш.  ҚАРАНГ-А! Муҳими, уни кимдир алмаштириб қўйганми, ўзи ҳам алмашиб қолиши  мумкинми – бу ҳақда маълумот йўқ!

Шаҳримизнинг қаерида банкомат қўйилган бўлса, ҳамиша одамлар билан гавжум бўлишига эътибор бергандирсиз! Демак, у ерга тез–тез ишимиз тушади. Ҳозир ҳам ўша ёққа бормоқчиман. Нақд пул зарур. Болаларим оромгоҳга  кетяпти. Пулларни эса, албатта битталаб санаб оламан!

Гулчеҳра Бердиёрова.