Батат, бамия, калраби карами етиштириш, мандарин уруғидан кўчат ўстириш: Талабалар янги, четдан келтирилган экинларни ўзимизга мослаштирмоқда
Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиалида журналистлар учун пресс-тур ташкил этилди. Унда ёш олимларнинг стартап лойиҳалари, лаборатория ва дала шароитида олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари билан таништирилди.
Дастлаб журналистлар тупроқ таркибини таҳлил қиладиган лабораторияда бўлишди.
- Биздан тадбиркорлар нафақат тупроқ таркибини, балки ўғит таркибини ҳам текшириб беришимизни сўрашади, - деди қишлоқ хўжалиги фанлари доктори Мансур Машрабов. – Биз тадбиркорларга шартнома асосида хизмат кўрсатамиз. Лабораториямизда тупроқ унумдорлиги ва таркибини текшириб берадиган махсус ускуналар бор.
Филиалда ўтган йили стартап лойиҳа асосида иссиқхона қурилган бўлиб, бугун унда батат, бамия, калраби карами сингари хорижий экинлар тадқиқот сифатида экилган. Шунингдек, мандарин уруғидан ҳам кўчат ўстирилмоқда. Филиал тадқиқотчиси Шукрулло Муратовнинг “Инновацион ресурс-тежамкор кичик ёпиқ майдон” лойиҳаси бўйича серҳосил “Ложайин- F1" навли помидор кўчатлари парваришланмоқда.
- Филиалимизда нафақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари устида, балки уларни турли зараркунандалардан сақлаш, ҳашаротларга қарши курашиш бўйича тадқиқот ишлари олиб борилади, - деди филиал ўқитувчиси Отамурод Пўлатов. – Лабораториямизда уч турдаги фойдали ҳашаротлар кўпайтиряпмиз ва тадбиркорларга етказиб беряпмиз.
Пресс-турда журналистлар филиалнинг дала майдонида олиб борилаётган тадқиқот ишлари билан ҳам танишди. Филиалга ажратилган 50 гектар ерга тажриба сифатида артишок, нўхат, буғдой, арпа, картошка сингари ўсимликлар экилган.
- Артишок хорижда доривор ўсимлик сифатида жуда қадрли, - деди филиал директорининг илмий ва инновацион ишлар бўйича ўринбосари Бобур Эшонқулов. - Ҳозирча 1 гектар ерга ушбу ўсимликни тажриба сифатида экканмиз. Келажакда ўсимликни иқлим шароитимизга мослаштириб, кўпайтириб, доривор ўсимлик сифатида қадоқлаб, сотувга чиқарамиз.
- Бир навни яратиш учун 15 йил керак бўлади, - дейди агробиология факультети декани Ғулом Ғайбуллаев. – Майдонда буғдойнинг учта навида илмий иш олиб бориляпти. Алоҳида ажралиб турган буғдой қатори “Фарбома” нави бўлиб, ундан асосан уруғлик учун етиштиряпмиз. Биз буғдойнинг янги нави билан бирга агротехнологиясини ҳам ишлаб чиқяпмиз. Келажакда Ғарбий Европа билан ҳамкорликда иш олиб бормоқчимиз. Уларда ўртача ҳосилдорлик 70-80 центнер, бизда эса 50-60 центнер.
Шунингдек, Жомбой туманидаги тажриба даласида буғдойнинг мингга яқин навлари филиал олимлари томонидан ўрганиляпти.