Байроғинг йўлдошинг бўлсин!
Байроқ ўтмиш замонлардан давлат рамзи бўлиб келган. Манбаларга кўра, у эрамиздан аввалги III-II минг йилликда пайдо бўлган. Аслида байроқ ва бошқа рамзлар қатори қабилаларни бир-биридан фарқлаб кўрсатувчи белги сифатида юзага келган. Бугунги кунда байроқ давлат мустақиллиги ва миллийлигини акс эттиради.
Туркиядаги Турк стандартлари (рамзлари) институти тайёрлаб, 1993 йили чоп этилган туркий давлатлар байроқлари мажмуидаги 16 байроқдан 5 тасида ой ва юлдуз акс этган. 1299 йилдан то 1922 йилгача ҳукм сурган Усмонли (турк) ҳоқонлигининг қизил байроғида бир ой бир юлдуз шакли бор. 1922 йили ташкил топган Туркия жумҳурияти ана шу байроқни ўзига мерос қилиб олди. Аммо ингичка ой йўғонроғига, саккиз қиррали юлдуз беш қирралисига алмаштирилди.
Оқ Хунн ҳоқонлигининг оппоқ байроғида тепадан пастга қараб жойлашган учта беш қиррали юлдуз бўлган. Хазар ҳоқонлигининг кўм-кўк байроғида эса беш қиррали бешта юлдуз ўзаро учбурчак ҳосил қилиб жойлашган. 963-1183 йилларда мавжуд бўлган Ғазнавийлар салтанати байроғида, 1236-1502 йилларда ҳукмронлик қилган Олтин Ўрда байроғи ўртасида ҳам тепага қараган ой акси бўлган.
Замонавий 12 туркий байроқдан 7 тасида ой, юлдуз сурати солинган. Туркия, Озарбайжон, Қибрис турклари, Шарқий Туркистон, Ироқ туркманлари байроқларида юлдуз биттадан.
Туркманистон байроғида 5 та, юртимиз байроғида эса 12 та юлдуз акс этган.
Юлдузлар ўн икки бурж, яъни йилнинг ўн икки ойини билдиради. Бу эса ҳаётнинг давомийлигини, мустақиллигимизнинг абадийлигини эсга солиб тургандек, гўё. Телевизорда спортчиларимиз шарафига давлатимиз байроғи кўтарилиб, мадҳиямиз янграб қолса, олти ёшли неварам ўрнидан туради-да, “Байроқ кўтарилиб, мадҳиямиз янграганда, мана бундоқ туриш керак”, дейди жажжи қўлини кўксига қўйиб. Унинг Ватан тимсолларига доир тасаввури ҳали жуда содда, самимий, албатта. Бироқ ёш вужудда Ватанга ҳурматда бўлиш, уни доимо азиз билиш туйғуси болалар боғчасидаёқ шакллана бошлаганидан севинаман.
Ёки байроқдан “тўн” кийган самолётларимизнинг осмонга парвозини кўрганимизда-чи? Ҳаво лайнерларимиз фалак қўйнида байроқ бўлиб учаяпти. Жаҳон аэропортларида бугун бу "қуш"ни яхши таниб қолишди. Шундай маҳалларда "парвозинг бехатар, байроғинг йўлдошинг бўлсин, Ўзбекистоним!” дегинг келади.
Абдуазиз ҲОШИМОВ.