Беҳбудийга бахшида ҳикоялар

Таниқли ёзувчи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Нусрат Раҳматнинг «Жадид» (Беҳбудийга бахшида ҳикоялар) асари (Тошкент шаҳри, «Noshirlik yog‘dusi» нашриёти) нашрдан чиқди.

Аллома ва адиб Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 145 йиллигига бағишлаб чоп этилган мазкур роман Туркистон жадидчилик ҳаракати ва жадидларнинг маърифатпарварлик ғояси, халқ онгига миллий руҳ, маънавиятни сингдиришдаги ҳаракати қаламга олингани билан ҳам эътиборли.

- Қўлингиздаги асар анъанавий қисса ёки роман жанрига унчалик мос келмаслигини тан олишим керак, - дейди муаллиф. - Аммо бугун Ғарбнинг номдор ёзувчилари эски қолипларни бузиб, саргузаштлар, афсоналар, детективлар, публицистикага йўғрилган асарлар ёзишаётганини ҳам эътибордан четда қолдириш ўринли бўлмас. Муҳими, бу асар, ундаги ҳикоялар Ўзбекистонда яшовчи ҳар бир китобхон учун қадрли. Чунки биз жадидлар ҳаётини чуқур билмаймиз, улардан ибрат олишга жазм этмаймиз. Бугунги мустақилликнинг тамал тошини жадидлар қўйганлигини ёшларга уқтирмаймиз.

Роман фақат Беҳбудий ёки жадидлар ҳақидагина эмас, маориф ва маънавият учун жонини тикканлар, тамаддуни баланд ёки ночор бўлганлар, улар орасидаги тафовутлар, зиддиятлар ҳақида ҳамдир. Асарда 1868 йилда Самарқанднинг чор аскарлари томонидан ваҳшиёна босиб олиниши, 1917 йилда Туркистон мухториятини хоку туроб қилинишини Нусрат Раҳмат биринчи бор бадиий ноталарда тасвирлаб берган.

Асарни ўқир экансиз, беихтиёр ХХ аср бошидаги ҳаёт кўз ўнгимизда намоён бўлади. Шу билан бирга жадидлар авлодининг бугунги ҳаёти “Номаълум одам монологи”да баланд маҳорат билан чизилади. Уларнинг тақдири сизни бефарқ қолдирмайди.

Акрам БЎРИЕВ.