Чиқинди касалликларнинг ўчоғи, уни белгиланмаган жойларга ташламайлик

Кейинги пайтларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ муаммолар кун сайин ортмоқда. Хусусан, шаҳар ва туман марказларида тез-тез кўнгилни хира қилувчи манзара - маиший чиқиндилар уюмига кўзимиз тушмоқда.

Айрим фуқароларнинг чиқиндиларни махсус жойларга ташлаш маданияти ҳамон шакллангани йўқ. Маиший чиқиндиларнинг белгиланмаган жойга ташланиши оқибатида ноқонуний чиқиндихоналар пайдо бўлмоқда.

Ҳар хил турдаги чиқиндиларнинг чириши ва бузилиши оқибатида атмосферага бадбўй ҳидлар ёки уларни ёқиб юборилиши оқибатида ҳавони ифлосланиши кузатилмоқда. Ҳосил бўлган заҳарли газлар инсон саломатлигига зарарли таъсир кўрсатиб, нафас аъзолари ва юрак қон-томир касалликларини ривожланишига олиб келяпти.

Очиқ сув ҳавзаларига ифлосланган чиқиндиларни тушиши оқибатида сувда ҳар хил турдаги юқумли ичак касалликлари қўзғатувчи бактерияларни ва гижжа касаллигини келтириб чиқарувчи паразитларни кўпайишига кузатилмоқда. Ифлосланган сув эса аҳолини ўта хавфли юқумли касалликлар - вабо, юқумли ичбуруғ, паразитар ҳамда юқумли ичак касалликлари билан касалланиш хавфини оширади.

Бу юқумли касалликлар  қўзғатувчилари билан аҳоли очиқ сув ҳавзаларида чўмилганида ёки полиз экинларини суғориши натижасида зарарланиши мумкин.

Чиқиндиларни чириши оқибатида пашшаларни кўпайиши учун оптимал шароит пайдо бўлади. Пашшалар юқумли ичак касалликларини тарқатувчиси бўлиб, касалликни кенг тарқалишига сабаб бўлади. Шу билан бирга чиқиндилар билан ифлосланган тупроқ ва сув орқали вирусли гепатит А ва Е турлари тарқалиши мумкин.

Бемор қони билан ифлосланган ҳар хил турдаги тиббий чиқиндиларни ташланиши оқибатида вирусли гепатит В, С ва ОИТС касалликларини юқтириб олиш хавфи ортади.

Демоқчимизки, чиқиндилар сабабли юзага келадиган ҳар хил турдаги юқумли касалликлар нохуш оқибатларга олиб келишини асло унутмайлик. Ўзимиз, фарзандларимиз ва келажак авлодларимизнинг саломатлигига бефарқ бўлмасликни ҳозирдан шакллантирмас эканмиз, қилинадиган ишлар самараси юқори бўлмайди.

Ўз навбатида аҳолини белгиланмаган жойларга чиқиндилар ташламасликларини сўраб қоламиз. Белгиланмаган жойларга чиқинди ташлаганлиги учун  маъмурий жавобгарлик борлигини эслатиб ўтмоқчимиз. Шундай экан ҳар биримиз жамоатчилик назорати ва эътиборини кучайтириб, тизимли ишларни амалга оширишимиз лозим. Зеро, тозалик бор жойда барака бўлади.

Латиф Рустамов,

"Санэпидқўмита" вилоят бошқармаси бошлиғи.