Беҳбудийнинг сафдоши

Халқимиз ва юртимиз рус мустамлакачилари оёғи остида топталган, инсон ору номуси, шаъну шарафи таҳқирланган (ХIХ асрнинг II ярми - ХХ аср бошлари) бир пайтда ҳам Самарқандда кучли маънавий-маърифий, адабий муҳит бор эди.

Агар буюк маорифчи, ношир, театрчи ва публицист Маҳмудхўжа Беҳбудий жадид мафкурасининг дастурий аҳамиятга молик назарий ва амалий йўналишини белгилаб берган бўлса, унинг сафдошларидан Абдуқодир Шакурий бутун Марказий Осиёда шуҳрат топган янги усулдаги жадид мактабини асослади. Сайидаҳмад Ажзий эса халқпарварлик, ватанпарварлик ва миллий истиқлол ғояларига йўғрилган поэтик асарлари билан бутун жадид бадиий адабиётини юксалтирди.

Беҳбудий ва унинг сафдошлари раҳнамолигида миллий истиқлол мафкураси билан қуролланиб, ўз элу юрти ва халқининг озод бўлиши истагида қўлга қалам олган, даврнинг энг қалтис ва нозик масалаларини теран англаб етган, бутун умрини илму маърифат, маънавият тарғибига бағишлаганлар даврасида Ҳожи Муин ибн Шукрулло алоҳида мавқега эга.

Ҳожи Муин бадиий адабиётда зуллисонайнлик анъанасини давом эттирган, ўзбек драматургияси ҳамда журналистикасининг шаклланиши ва ривожланишига салмоқли ҳисса қўшган истеъдод соҳибидир. У Марказий Осиё халқлари ҳаёти тарихида ўта мураккаб ва зиддиятли бир шароитда яшаб, ижод қилди, мунтазам кузатиш ва изланишлар орқали дунёқарашини кенгайтирди, давр ҳақиқатини англаб, унинг шоҳкўчасидан дадил олға борди.

Ёшлигиданоқ шеър машқ қилиб, аввал Наҳиф (Ожиз), кейинчалик Меҳрий тахаллусини олган Ҳожи Муиннинг биринчи шеърий тўплами 1914 йили Самарқандда “Гулдастаи адабиёт” номи билан босилиб чиқади. Тўпламдаги шеърлар асосан тарбиявий-ахлоқий йўналишда бўлиб, уларда ёшлар билим ўрганишга, устоз ҳурматини сақлашга чорланади.
Ҳожи Муиннинг ёрқин истеъдоди, айниқса, унинг публицистикаси ва драма асарларида намоён бўлади.

М.Беҳбудийнинг энг яқин маслакдоши сифатида фаолият кўрсатган Ҳожи Муин 1913-1914 йиллари Самарқандда Беҳбудий муҳаррирлиги ва муассислигида чоп этилган “Самарқанд” газетаси ва “Ойина” мажалласида ўзининг долзарб масалаларга бағишланган мақолалари билан қатнашади, муҳаррир узоқ сафарда бўлган кезларда “Ойина”га муҳаррирлик қилади.
Ҳожи Муин фаолиятининг ўта муҳим ва салмоқли қисмини унинг драматургияси ташкил этади. ХХ аср бошларида татар ва озарбайжон театри таъсирида Марказий Осиёда ҳам саҳна асарлари ёзишга қизиқиш кучайиб кетди. М.Беҳбудий 1911 йили “Падаркуш” драмасини ёзиб, уни кўп қийинчиликлардан кейин 1913 йили чоп эттирди ва ўзбек драматургияси пойдеворини қўйди.

Ҳожи Муин яратган драматик асарлар фақат муаллиф яшаган давр учун эмас, балки бугунги кунда ҳам аҳамиятини йўқотган эмас. Мисол учун, унинг 1914 йили Миллий тахаллуси билан шеърлар ёзган Нусратилло ибни Қудратулло билан ҳамкорликда яратган “Тўй” пьесасига мурожаат этайлик.
Асарнинг қисқача мазмуни шундай: маҳаллий бойлардан бири ўз бойлигини кўз-кўз этиш мақсадида катта суннат тўйи ўтказмоқчи бўлади. Бундай тўйлардан манфаатдор бўлган домла-имом, элликбоши ва бошқа эскича фикрловчи кишилар унинг бу ниятини маъқуллашади ҳамда тўйни тезроқ ва каттароқ ўтказишни маслаҳат беради. Илғор фикрли зиёли эса бойнинг фикрига қўшилмайди ва катта тўй ўтказишнинг ҳожати йўқлигини айтади. Аммо бой обрў қозониш мақсадида бор будини сарфлаб, охири банкдан олган қарз пулларини тўлолмай, ҳибсга тушади. Беҳбудийнинг “Падаркуш” асаридан бошлаб илғор фикрли, миллат тафаккурида шакллана бошлаган янгича фикр-қарашларга эга зиёли образи бадиий адабиётга кириб келади. Бу образ “Тўй”да ҳам, бошқа драматик асарларда ҳам маҳаллий бойлар ва уламолар диққатини даврнинг энг муҳим масалаларига қаратишга, миллат тараққиёти учун фойдали ишлар билан банд бўлишга чақиради. Зиёли ушбу саҳна асарида бойни беҳуда сарф-харажатлардан ўзини тийишга ундар экан, уни тўғри йўлга солмоқчи бўлади, маориф ишларига кўмак беришга даъват этиб, айтади:

“Бошқа миллатлар топган пулларини илм ва маориф, миллат йўлига сарф қилиб, кундан-кун тараққий топсалар, жаҳолат ва нодонлигимиз сабабидан бизлар топган молимиз, боғ ва ҳовлиларимизни тўй ва аза, улоқ йўлига харажат қилиб, ўзимизни бир парча нонга муҳтож ва хор қилмоқдамиз”.

Ҳожи Муин 1916 йили “Эски мактаб — янги мактаб”, “Кўкнори”, “Мазлума хотин” сингари драмаларини чоп эттирди.

“Эски мактаб — янги мактаб” Ҳожи Муиннинг жадидлар томонидан мактаб ва маориф тизимини ислоҳ қилиш концепциясини амалда жорий этиш йўлида қўйган қатъий қадами эди. Бу концепцияга кўра, маҳаллий аҳоли вакиллари илму маърифат поғоналаридан кўтарила бориб, савдо-саноат ишлари, давлат идоралари, бошқарув ташкилотларига йўл топишлари, рус буржуазияси билан рақобатда ғолиб чиқиб, секин-аста мухториятга эришиш кўзланган эди. Табиийки, эски усул мактабларини ислоҳ этмасдан, замонавий илмларни ўрганмасдан, рақобатбардош миллий кадрларни етиштирмасдан туриб бунга эришиш мумкин эмас эди. Шунинг учун бутун жадидчилик ҳаракати, матбуоти ва адабиётининг бош масаласи мактаб ва мадрасалардаги таълим тизимини ислоҳ қилишни таъминлашдан иборат эди.

Ҳожи Муиннинг “Эски мактаб — янги мактаб” драмаси Беҳбудий томонидан олға сурилган ва жадид ҳаракатчилигининг асосий дастурига айланган ижтимоий-сиёсий йўналишдаги мулоҳазаларни бадиий образлар воситасида талқин этишга йўналтирилган асардир. Драмада эски мактаблардаги таълим-тарбия, ўқитиш дастурларининг яроқсизлиги, муаллимларнинг ўта мутаассиб ва хасисликлари Мулло Очилди образида ифодаланади.

Драмада жадид мактабларининг афзаллиги ва заруриятини кўрсатишга алоҳида ўрин берилади. Асарда жадид адабиётида илк бор Ҳожи Муин томонидан маҳаллий бойларнинг идеал образи яратиладики, буни муаллифнинг катта ижодий ютуғи сифатида баҳоламоқ лозим. Асардаги Комилбой образи ўз характери, фикр-тушунчаси билан “Падаркуш” ва “Тўй” драмаларидаги бой образидан тубдан фарқ қилади. У илғор фикрли, янги усул мактабларининг аҳамиятини фаҳмлаган, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатишга тайёр турган давлатманд киши. У маҳаллий бойларнинг иқтисодий ва маданий қолоқлигидан қайғурувчи, ўлка, унинг аҳолиси тақдири ва истиқболи учун ўйловчи янги типдаги ўзбек бойларининг вакилидир. Шу хусусиятлари билан у жадид драматургиясидаги бойларга насиҳат ва маслаҳат берувчи зиёли образига ўхшаб кетади.

Унинг орзу-интилишларини қуйидаги сўзларидан ҳам билиш мумкин: “Замонамиз илму ҳунар замонидур. Ушбу замонда ўзга миллатларга асир бўлмай роҳат билан яшамоқ учун замонавий илму ҳунарларни билмоқ лозимдур. Ҳушёр ва мутамаддун бўлган миллат ҳар вақт ўзининг ҳуқуқини ва динини сақламоқ тариқасини билиб, замони келганда ушбу йўлда ўз жонини фидо қилмоққа ҳозир бўлиб турар. Аммо илмсиз миллат бошқаларга асир ва оёқости бўлмоқдан бошқа чора тополмай, охири жонидан азиз бўлғон динидан ҳам ажралиб қолур…”.

Комилбой ушбу инқироз ҳолатдан қутулиш йўлини ҳам яхши англайди: “Энди бу инқироздан қутулмоқ учун нима қилмоқ керак? (бироз ўйлаб) Инқироздан қутулмоқ учун биргина йўл борки, у ҳам маориф йўлидан иборатдур. Шоҳроҳи маорифга кирмоқ учун яна бир йўл борки, ул янги мактабдур”.

Ҳожи Муиннинг саҳна асарларидан яна бири - 1915 йили ёзилиб, 1916 йили босилиб чиққан “Мазлума хотин” номли тўрт пардали фожиаси мавзу долзарблиги, бадиий пишиқлиги, етук образлари билан ўзбек жадид адабиётининг қисқа бир даврда юксак тараққиёт даражасига кўтарилганидан далолат беради. Бу асари билан драматург давр бадиий адабиётида, айтиш мумкинки, илк бор хотин-қизлар озодлиги масаласини анча кенг даражада ўртага қўяди. Муаллиф ушбу асари ҳақида кейинчалик ёзганди: “У замонларда бирдан ортиқ хотин олиб, уларга истаганча жабр-зулм қилиш оила ҳаётида энг қайғули ва чиркин манзарани ташкил қиларди… Босилиб чиққан пьесаларим орасида ўз вақтида менга жуда маъқул бўлгани ва халқ томонидан кўпроқ суйилиб ўқилгани “Мазлума хотин” эди. Бу асарни ўйлаб ёзиш чоғида ўз-ўзидан мутаассир бўлиб, икки марта йиғлаганманки, буни сира унутолмайман. Бу пьеса ёлғиз Ўзбекистонда эмас, бутун Туркистонда 11 йил муттасил ўйналиб келинди. Бу пьеса 1920 йилда профессор Вяткин томонидан русчага таржима этилиб, Самарқандда мавқеий томошага қўйилди”.

Асарнинг асосий қаҳрамонлари Узоқбой, унинг биринчи хотини юмшоқ табиатли Тансуқой, Эшонбобо, Узоқбойнинг иккинчи хотини Суярой ҳамда янги фикрли ва тўғри сўзли усули жадидчи Муаллимдир.

Ҳожи Муиннинг шўролар давридаги фаолияти ҳам сермаҳсул ва ранг-барангдир. У 1920-30 йиллар орасида моҳир журналист сифатида “Меҳнаткашлар товуши” газетасининг масъул муҳаррири, “Зарафшон”, “Овози тожик”, “Қизил юлдуз” газеталарининг адабий ходими, “Таёқ” ва “Машраб” журналларининг масъул муҳаррири, “Мушфиқий”нинг масъул котиби вазифаларида ишлаб, баракали ижод қилди. Бу даврда у, айниқса, ҳажвгўй шоир сифатида ўнлаб яширин имзолар билан асарлар яратди.
Ҳожи Муиннинг таржимонлик фаолияти ҳам эътиборга лойиқ. У Фитратнинг ҳали Туркиядалигида ёзилган “Мунозара” асарини форс тилидан ўзбек тилига таржима қилади. Машҳур татар адиби Олимжон Иброҳимовнинг “Теран томирлар” асарининг тожикча таржимаси ҳам унинг қаламига мансубдир.

Ҳожи Муиннинг драматургия соҳасидаги фаолияти ҳам давом этди. Минг афсуски, 30-йилларнинг алғов-далғов пайтларида Ҳожи Муин томонидан яратилган кўплаб асарлар ҳар хил сабаблар билан йўқолиб кетди. Улар орасида муаллифнинг “Бой ила хизматкор”, “Маориф қурбонлари”, “Жувонбозлик қурбонлари”, “Қози ила муаллим” сингари драмалари ҳам бор эди.

Драматург сифатида шуҳрат топган Ҳожи Муиннинг 5 пардали “Маориф қурбонлари” пьесаси 1923-1925 йиллари ёзилган бўлиб, унда Беҳбудий ва унинг яқин сафдошларининг фожиавий ҳаёт йўллари тасвир қилинган. Бу саҳна асари, муаллифнинг гувоҳлик беришича, Самарқанд, Бухоро ва Каттақўрғон шаҳарларида такрор-такрор саҳнага қўйилган.
Ҳожи Муиннинг ўз қўли билан ёзилган ва ҳозир қизи Салима опа қўлида сақланаётган таржимаи ҳолида маълумот беришича, у 30 йиллик фаолияти давомида 23 газета ва журналда адабий, илмий ва ижтимоий мавзуларда тахминан 200 тача мақола, 400 тача турли хабарлар ва 1500 мисрага яқин ўзбекча ва тожикча шеърлар ёзган.

Ана шундай ноёб истеъдод соҳиби бошқа кўплаб адиблар қатори шахсга сиғиниш қурбони бўлди. У “халқ душмани” сифатида 1938 йили қамоққа олинди ва 1942 йилнинг 21 июлида Перм вилоятининг Соликамск шаҳридаги қамоқхонада вафот этди.

Ҳожи Муин ўзининг мазмундор ҳаёти, сермаҳсул ижоди ва ишлари билан халқимиз қалбида ўчмас из қолдирган. Унинг мавжуд асарларини нашр эттириш, номаълумларини излаб топиш ва ўрганиш, мактаб ўқувчилари, олий ўқув юртлари ва кенг жамоатчиликни бу ноёб истеъдод соҳибининг ижоди билан кенгроқ таништириш адабиётшунослар, маънавият ва маърифат жонкуярларининг бурчидир.

Ҳалим Саидов,

филология фанлари доктори, профессор.

***

Бугун ушбу мақола муаллифи Ҳалим Саидовнинг туғилган куни.

Ҳалим Саидов 1966 йил 8 ноябрда Тойлоқ туманида туғилган. 1992 йилда Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ), 1994 йилда Ҳиндистон оммавий коммуникациялар институтини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 1991 йили “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида мусаҳҳиҳликдан бошлаган. Шундан сўнг “Оила ва жамият” газетасида мухбир, бош муҳаррир ўринбосари бўлиб ишлаган. Узоқ йиллар “Маърифат” – “Учитель Узбекистана” газеталари таҳририяти ҳамда “Бошланғич таълим” журналига раҳбарлик қилган. Айни пайтда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида талабаларга сабоқ бериб келмоқда.

Ҳалим Саидов 1999 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган.

Сайтимиз ҳамкори, таниқли журналист Ҳалим Саидовни таваллуд айёми билан қутлаб, сиҳат-саломатлик, узоқ умр, ижодий ва касбий фаолиятида улкан муваффақиятлар тилаймиз.