Бектемир Мелиқўзиев яна нокаут эвазига ғалаба қозонди

Профессионал бокснинг супер ўрта (-76,2 кг.) вазн тоифасида рингга чиқаётган Бектемир Мелиқўзиев (5-0, 4 КО) ўзининг навбатдаги ғалабасини қўлга киритди. Бу ҳақда GoSport.uz интернет-нашри хабар берди.

Калифорниянинг Анаҳайм шаҳрида ўтган бокс оқшомида унга Оскар Кортес (27-5, 14 КО) рақиблик қилди. 10 раундга мўлжалланган жанг биринчи раунддаёқ якунига етди. Аввалига Бектемирнинг ўнг қўл зарбасидан рақиб ерга қулаган бўлса-да, ўзида куч топиб, жангни давом эттира олди. Аммо раунд тугашига 55 сония қолганида Мелиқўзиевнинг энди чап қўлда рақибнинг жигар қисмига берган зарбасидан сўнг Кортес ўрнидан тура олмади ва ҳакам нокаутни қайд этди. Шу тариқа Бектемир ўзининг бешинчи жангида ҳам ғалаба қозонди.

Эслатиб ўтамиз, Бектемир аввалига Марко Антонио Перибанга қарши жанг қилиши лозим эди. Аммо Перибан жангга бир кун қолганида керакли вазнга тушиш учун ортиқча уриниб юборган ва тарозига чиқишдан олдин ўзини ёмон ҳис қилиб, шифохонага тушиб қолган ва рақиб тезда ўзгаришига тўғри келганди.