Беларусь: “Одамлар фақатгина бир нарсани исташмоқда: Лукашенко кетсин!”

Европанинг турли ҳудудларида Беларусда ўтказилган президентлик сайловларининг расмий натижасидан норозилик бўйича фикр ва намойишлар бўлиб турибди.

Хусусан, Польша Бош вазири Матеуш Моравецкий Европа Иттифоқи томонидан Беларусга нисбатан жорий этилган санкцияларни етарли эмас деб ҳисоблашини ва Польша ҳукумати жорий этилган чекловларни кенгайтирилишини талаб қилишини маълум қилди, дея хабар беради radiosputnik.ria.ru.

- Биз санкциялар Александр Лукашенко томонидан жиддий қабул қилинишини хоҳлаймиз. Шу сабабдан 20 ёки 30 кишини Европа Иттифоқи ҳудудига киришини чеклаш – бу ниҳоятда кам”, - деди у.

26 август куни эса Украина пойтахти Киев шаҳрида беларусларларини қўллаб ва ушбу мамлакатда ўтказилган президент сайловларининг расмий натижаларига қарши оммавий намойиш бўлиб ўтди, деб ёзади mk.ru.

Европа майдонидаги Украина уйи ёнидан бўлиб ўтган намойишда ўнлаб украиналиклар ва Украина депутатлари иштирок этди. Намойишчиларнинг бир қанча тутаткичлар ёқишганини айтмаса, тартибсизликлар кузатилмади.

ria.ru нинг ёзишича, Беларусь президентлиги учун ўтказилган сайловларда асосий номзодлардан бири бўлган Светлана Тихановская республикада бўлиб ўтаётган норозилик намойишлари кучсизланмаганини ва мухолифат тарафдорлари охиригача боришларини таъкидлади.

“Намойишлар кучсизланмади, улар давом этмоқда. Албатта, ҳафта давомида қаердадир бироз пасайиш кузатилиши мумкин, бироқ одамлар мақсади сусайтган эмас. Бунинг асосий сабаби шундаки, одамлар собиқ президентни (Александр Лукашенко) ортиқ қабул қила олмайдилар, улар унга бўлган ишончни йўқотдилар, биз ғалабага эришмагунча қайтмаймиз”, - деди Тихановская 27 август куни “Эхо Москвы” радиостудиясида. 

Шу билан бирга сиёсатчи, намойишлар тинч ва тартибсизликларсиз ўтишига ваъда берди. “Одамлар фақатгина бир нарсани исташмоқда: Лукашенко кетсин, биз бунга тинч намойишлар орқали эришамиз”, дея алоҳида таъкидлади у.