“Беларусда янги Украина барпо этишдан ҳеч ким манфаатдор эмас”

Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича Олий раиси Жозеп Боррель Европа Иттифоқи ва Россия Беларусда бир-бирига қарши чиқмаслигини таъкидлади.

“Беларусда янги Украина барпо этишдан ҳеч ким манфаатдор эмас. Ушбу келишмовчиликда Европа ва Россия бир-бирига қарши чиқмайди. Фақатгина Беларусь халқи ўзининг раҳбариятига қарши чиқмоқда”, деб ёзди Боррель “Le Journal du Dimanche” нашрида чоп этилган мақоласида.

Беларуснинг янгиланган конституция лойиҳаси жамоат муҳокамасига қўйилади, референдум ўтказилади. Бу ҳақда 31 август куни мамлакат президенти Александр Лукашенко маълум қилди.

“Ўз фикр-мулоҳазаларини, нимани хоҳлаш нима хоҳламаслигини, ўйлаб кўришсин. Ўзгаришлар тарафдори бўлган алоҳида шижоатлиларга айтмоқчиман: улар тушуниши керак, конституцияга оид референдумда ҳар бир одамда у ёки бу масала бўйича фақатгина битта овоз бўлади”, деди Лукашенко Олий суд раиси Валентин Сукало билан суҳбатда.

Беларусь президентлигига собиқ номзод Светлана Тихановская етти нафар Европа мамлакатлари раҳбарлари билан музокаралар ўтказди. Бу ҳақда унинг матбуот котиби маълум қилди.

Маълумотга кўра, Тихановская барча учрашувларда фақатгина “халқ талаби” ҳақида, яъни “Лукашенконинг кетиши” ва “сиёсий маҳбус ва ҳибсга олинганларнинг озод этилиши” ҳақида гапирган. Бундан ташқари, Тихановская мамлакатнинг 1994 йилда қабул қилинган конституцияси тикланишига чақирган.